TIACA ташкилотининг Марказий Осиёдаги илк тадбири Астанада бўлиб ўтмоқда
ASTANA. Kazinform – Бугун Қозоғистон пойтахтида юк ташиш ва логистика бўйича минтақавий форум ўз ишини бошлади. Ушбу тадбир Халқаро ҳаво юклари ассоциацияси (TIACA) ташаббуси ва Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Қозоғистон Авиация маъмурияти кўмагида ўтказилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида ҚР Транспорт вазири Марат Қарабаев, Халқаро ҳаво юклари ассоциацияси (TIACA) раиси Стивен Полманс, TIACA бош директори Глин Хьюз ва Қозоғистон авиация маъмурияти бош директори Каталин Раду ўзларининг самимий қутловларини изҳор этиб, минтақавий форум ишига муваффақиятлар тиладилар.
Silk Road in the Sky – Kazakhstan Cargo Hub форуми Қозоғистон Республикасининг 2030 йилгача транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшишга қаратилган.
Форум давомида алоҳида ташкилотлар ўртасида музокаралар олиб борилди ва натижада бир қатор аэропортлар (Астана, Қарағанди, Ақтўбе шаҳарлари аэропортлари) MNG Airlines, MSC Air Cargo SA, Coyne Airways Limited ва Alpha Sky (Қозоғистон) (TBC) билан қўшма ҳужжатлар имзоланди.
Шунингдек, TIACA ва маҳаллий аэропортлар (Ақтау, Ақтўбе, Астана, Қарағанди, Орал аэропортлари) ва SCAT авиакомпанияси, шунингдек, TIACA халқаро ҳаво юклари ассоциацияси ва JARUS ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш режалаштирилган.
Форумда дунёнинг 30 та давлатидан 300 дан ортиқ киши иштирок этмоқда.
Улар орасида юк ташиш занжирига алоқадор турли ташкилотлар вакиллари ҳам бор.
Хусусан, юк жўнатувчилар, экспедиторлар, ердан хизмат кўрсатувчи провайдерлар, аэропортлар, авиакомпаниялар, ишлаб чиқарувчилар ва ахборот технологиялари етказиб берувчилари.
Форум доирасидаги сессия давомида соҳа мутахассислари қуйидаги йўналишлар бўйича тегишли масалаларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўладилар: соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси, юк ташиш саноатининг жорий ҳолатига умумий нуқтаи назар, мультимодал логистика, ҳаво юкларини ташиш марказлари, инновациялар ва рақамлаштириш масалалари, электрон тижорат имкониятлари, юк ташишнинг барқарор ривожланиши ва барқарор авиация ёқилғиси (SAF) билан боғлиқ масалалар.
Қозоғистон компанияларининг жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро ҳамкорлиги ва илғор технологиялардан фойдаланиш Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажмини 2,4 баробарга, яъни 6,3 миллиард доллардан 15 миллиард АҚШ долларига, шу жумладан Қозоғистон экспортини 560 миллион АҚШ долларига ошириш имконини беради.