Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистоннинг 200 га яқин cпортчиси иштирок этаётган халқаро турнир дастурига биноан 26-27 июнь кунлари юнон-рум кураши бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланса, 27-28 июнь кунлари аёллар кураши ҳамда 28-30 июнь кунлари эркин кураш усталари орасида энг кучлилар сараланади.
Айтиш лозим, Сурхондарёда илк бор ўтадиган мазкур мусобақаларни юқори даражада ташкил этиш борасида қизғин ишлар амалга оширилди. Хусусан, турнирнинг хорижий иштирокчиларини кутиб олиш, мусобақалар ўтадиган мажмуаларда спортчилар, мутахассислар, томошабинлар учун қулай шарт-шароитлар яратилдики, мусобақалар ҳам техник-тактик, ҳам тамошабоплиги жиҳатдан кўпга манзур бўлмоқда.