Сунъий интеллект дубляж соҳасига таҳдид солмоқда

Фото: Фото: freepik

ASTANA. Kazinform – Францияда машҳур актёр, Бен Аффлек ва Хоакин Феникс овозини дубляж қилган Борис Релингер сунъий интеллектдан дубляж соҳасини ҳимоя қилишга чақирмоқда, деб хабар беради Reuters агентлиги.

Актёрнинг сўзларига кўра, ушбу соҳада юзлаб профессионал мутахассислар меҳнат қилмоқда, бироқ сунъий интеллект технологиялари уларнинг фаолиятига жиддий таҳдид солмоқда.

«Мен овозимни сунъий интеллект ҳали алмаштирмаган бўлса-да, таҳдидни ҳис қиляпман», – деди у Reuters нашрига берган интервьюсида.

Релингер дубляжни инсон овози орқали сақлаб қолишни мақсад қилган француз ташаббуси — TouchePasMaVF ҳаракатида иштирок этмоқда.

Актёр таъкидлашича, дубляж фақатгина овоз бериш эмас – бу соҳада актёрлар, таржимонлар, режиссёрлар, диалогларни мослаштирувчилар ва овоз муҳандислари фаолият олиб боради. Улар томошабинга экрандаги актёр гўё ўз тилида сўзлаётгандек таассурот уйғотиш учун биргаликда меҳнат қилишади.

Netflix каби стриминг платформалар «Кальмар ўйини» ва «Люпен» каби оммабоп лойиҳаларни кенг тарғиб қилишда дубляждан фаол фойдаланмоқда. Бу эса соҳанинг ривожига катта туртки бўлди.

GWI тадқиқот компанияси маълумотига кўра, Германия, Франция, Италия ва Буюк Британиядаги томошабинларнинг 43 фоизи дубляжни субтитрларга нисбатан афзал кўради.

Business Research Insights маълумотига қараганда, 2025 йилга келиб дубляж бозори ҳажми 4,3 миллиард долларга етиши, 2033 йилгача эса 7,6 миллиард долларгача ўсиши мумкин.

Ушбу ўсиш янги технологияларга бўлган қизиқишни янада оширди. Бироқ сунъий интеллект орқали яратилган овозлар тобора ҳақиқий ва арзон бўлиб бораётган бир пайтда, Европа дубляж актёрлари уюшмалари ЕИдан соҳани ҳимоя қилишга қаратилган қатъий ҳуқуқий тартибга солишни талаб қилмоқда. Улар дубляж сифатини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, актёрлар овоз архивларининг рухсатсиз фойдаланилишига қарши чиқмоқда.

Киносаноатда технологияларга нисбатан хавотирлар аввалдан мавжуд. Голливудда сунъий интеллект 2023 йилда асосий мавзулардан бирига айланган эди ва шу сабабли юз берган иш ташлашлардан сўнг, ушбу технологияларни қўллашга чекловлар жорий этилган эди.