Сўнгги 5 йилда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб юк ташиш ҳажми 6 баробар ошди
ASTANА. Кazinform — Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг “Адолатли Қозоғистон: қонун ва интизом, иқтисодий ўсиш, жамоатчилик оптимизми” Мурожаатномаси ва бошқа топшириқлари ижроси доирасида Ҳукумат халқаро транспорт йўналишларини ривожлантириш устида ишламоқда.
Жумладан, Давлат раҳбари Транскаспий халқаро транспорт йўналишини (ТХТЙ) ривожлантириш бўйича ҳамкор давлатлар билан кучларни бирлаштириш вазифасини қўйди. Бугунги кунда бу борадаги ишлар сезиларли самаралар бермоқда.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги 5 йил ичида йўналиш бўйлаб юк ташиш ҳажми олти баробарга — 2020 йилдаги 0,8 миллион тоннадан 2024 йилда 4,5 миллион тоннагача ошган. 2025 йилнинг биринчи ярмида юк ташиш ҳажми 2,3 миллион тоннага етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга кўпдир.
Божхона тартиб-таомилларининг автоматлаштирилгани ҳам контейнер ташиш ҳажмининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилди: ҳозирда битта контейнер поездини расмийлаштиришга бор-йўғи 30 дақиқа вақт кетади, илгари бу жараён уч соатгача давом этган.
— Яқинда Ақтау портида Хитой томони билан ҳамкорликда контейнер терминали ишга туширилди. Сиань шаҳридаги қуруқ портимиз муваффақиятли ишламоқда. Селятино, Свислочь ва Будапешт яқинларида янги терминаллар қурилмоқда. Июнь ойида Грузиянинг Поти портида Қозоғистоннинг биринчи мультимодал терминали очилди, — деди Мақсат Қалиакпаров.
Хитой автопоездларининг Транскаспий йўналиши бўйлаб ҳаракатланиши ҳам муҳим воқеалардан бири бўлди: 2024 йилда Қуриқ порти орқали 3,5 мингга яқин юк транспорти ўтган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида уларнинг сони мингдан ошди.