Солиқ кодексига қандай ўзгаришлар киритилиши мумкин

Фото: Коллаж: Kazinform/ Canva

АSTANА. Kazinform – 1 январдан бошлаб янги Солиқ кодекси кучга кирди, бу – сўнгги йиллардаги йирик ислоҳотлардан бири. Давлат Солиқ кодекси ёрдамида бюджетни мустаҳкамлаш ва Миллий фондга боғлиқликни камайтиришни режалаштирмоқда. Бизнес ва жамиятни эса рақамли назорат ва соя иқтисодиётига қарши кураш талаблари кутмоқда. Kazinform таҳлилчиси келгуси ўзгаришларнинг моҳиятини таҳлил қилди.

Ислоҳот нега айнан ҳозир зарур?

Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, ислоҳот фақат солиқларни ошириш мақсадида бошланмаган. Бу – бюджетни тўлдириш усули ва даромаднинг барқарор моделини шакллантиришга қаратилган қадам. Бу ерда асосий устуворлик маълумотлар ва хизматларни рақамлаштиришга берилади.

Иқтисодчи Сапарбай Жубаев янги Солиқ кодексининг қабул қилинишини давлат бюджети танқислигининг узоқ йилларга чўзилиши билан боғлади.

– Сўнгги 5–10 йил ичида Қозоғистоннинг давлат бюджети танқислиги яққол кўриниб турибди. 2024 йилда харажатлар тахминан 21 трлн тенгени ташкил этса, солиқ тушумлари фақат 13 трлн тенге миқдорида бўлди. Қолган 8 трлн тенге, яъни бюджетнинг учдан биридан ортиғи қарз олиш ва Миллий фонддан ажратилган трансфертлар ҳисобига ёпилди. Бундай модель бюджет танқислигидан доимий қутқариб бера олмайди, – деди эксперт.

Фото: Жубаевнинг шахсий архивидан

Унинг айтишича, 2025 йилда бюджетнинг аҳволи янада ёмонлашган: харажатлар тахминан 25,5 трлн тенгени ташкил этса, солиқ тушуми атиги 16 трлн тенге даражасида қолган. Тахминан 9 трлн тенгени қайтадан қарз маблағлари ва Миллий фонд ҳисобига тўлашга тўғри келганини англатади.

Айнан шу ҳолат ҳокимиятни солиқ базасини кенгайтиришга ва маъмурийлаштириш сифатини оширишга ундади, яъни кенг кўламли солиқ ислоҳоти амалга оширилди.

«Тоза саҳифа»: кичик бизнесга рағбат бериш

Ислоҳотнинг асосий механизмларидан бири сифатида микро ва кичик бизнесга мўлжалланган ўтиш режими кўрсатилиши мумкин. Логика шундаки: Ҳукумат ўтган даврлар учун тадбиркорга санкция қўлламайди, шу тариқа бизнес вакилларига янги қоидаларга кўникма ҳосил қилиш учун вақт беради.

«Атамекен» миллий тадбиркорлар палатасининг маълумотига кўра, микро ва кичик бизнес субъектлари солиқ текширувларидан, камерал назоратдан ва маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

– Текширув умуман бўлмайди дегани эмас. Илгариги текширувлар, қарши текширувлар, жиноий ишлар доирасидаги текширувлар, шунингдек, камерал назорат натижасида аниқланган ноқонунийликни тасдиқлаш чоралари сақланади, – дейилади МТПнинг расмий жавобида.

Фото: Pexels

Демак, ҳокимиятнинг бизнесга айтадигани тушунарли, давлат жазоловчи фискал моделга эмас, тадбиркорларнинг янги тизимга ўз ихтиёри билан ўтишига қизиқиш билдирмоқда. Айланмадаги маблағни қонунийлаштиришга, янгиланган солиқ қоидасига босқичма-босқич қўшилишга устуворлик бериб келмоқда.

Ўзини ўзи банд қилганлар: жаримадан қонунгача

Солиқ кодексида ўзини ўзи банд қилганлар учун, яъни даромади кам ва барқарор бўлмаган жисмоний шахсга мўлжалланган махсус режим блок қилиб қўйилган.

Давлат даромадлари қўмитаси тушунтиришича, ушбу режим энг аввало хизмат турини қонунийлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ҳеч қандай фискал босим бўлмайди.

– Ўзини ўзи банд қилганларга мўлжалланган махсус солиқ режими даромади паст, хизматини даврий равишда амалга оширадиган шахсларнинг фаолиятини қонунийлаштириш мақсадида жорий этилди. Бу тоифадаги фуқаролар солиқ тўлашдан озод қилинади (ЖТС ставкаси – 0%), уларнинг ягона мажбурияти – 4% миқдоридаги ижтимоий тўловларни тўлаш. Бундай қарор ижтимоий кафолатга эришиш имконини беради, – дейилади қўмитанинг маълумотида.

Жорий йилда Ойлик ҳисоб кўрсаткичм(БҲМ маъносида) 4 325 тенге бўлиб белгиланганлиги сабабли, ушбу режим доирасидаги энг юқори даромад ойига 300 БҲМ, яъни тахминан 1,3 млн тенгени ташкил этади. Шунинг учун давлатга норасмий даромадни рўйхатга олиб, жарима солганга қараганда ижтимоий тўловни тўлатиш ва даромадни «соядан чиқариш» анча самарали.

Прогрессив жисмоний шахслар даромад солиғи: янгилик кимларга таъсир қилади?

Энг кўп муҳокама қилинган ўзгаришлардан бири – жисмоний шахслар даромад солиғининг прогрессив шкаласининг жорий этилиши. Йиллик даромади 8 500 БҲМгача бўлган фуқаролар учун илгаригидек 10% ставка сақланади. Жорий йилги БҲМ даражаси билан олсак, йилига 36,8 млн тенге дегани. Мазкур чегарадан ошадиган даромадга 15% ставка қўлланилади.

Коллаж: Kazinform/ Freepik

Давлат даромадлари қўмитасининг айтишича, солиқни маъмурийлаштириш механизми даромад манбаи тузилишига боғлиқ.

– Агар жисмоний шахснинг даромади 8 500 БҲМдан ошса, прогрессив шкала бўйича ЖШДС ушлаб қолишни солиқ агенти амалга оширади. Даромад манбалари бир нечта бўлган ҳолда, жисмоний шахс декларация топшириб, ЖШДС суммасини мустақил ҳисоблайди, – дейди қўмитадагилар.

Экспертларнинг фикрича, бундай норма юқори маош оладиган айрим фуқароларгагина тегишли бўлиши мумкин. Янги қоида дивидендлар ва якка тадбиркорларнинг даромадига қўлланилмайди.

16% ҚҚС: ислоҳотнинг энг таъсирчан жойи

Жорий йилда қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) базавий ставкаси 16% даражасига кўтарилди. Мажбурий рўйхатдан ўтиш чегараси 10 000 БҲМгача пасайтирилди – йиллик айланма билан ҳисобласак, 43,25 млн тенге.

МТП маълумотига кўра, ўзгаришлар ставкагина эмас, маъмурийлаштиришга ҳам таъсир кўрсатади.

– ҚҚС бўйича мажбурий рўйхатдан ўтиш чегараси ўтган йилга нисбатан икки баробарга, яъни 10 000 БҲМгача қисқартирилди. Янги Солиқ кодексида илгаригидек ҚҚС ҳисобига ихтиёрий чиқиш имконияти кўзда тутилмаган. Яна бир долзарб масала – «е-Тамға» тизими. Дастлаб ҚҚСнинг аванс тўлаш механизмини барча солиқ тўловчига қўллаш режалаштирилган эди, аммо ҳозир фақат бир тоифа – қонунбузарлик бўйича хабарнома олиб, электрон ҳисоб-фактурани қайтариб олганларгагина қўлланилади, – дейилади палатанинг маълумотида.

Фото: https://www.gov.kz/

Қизғин муҳокаманинг кейинги қисми тиббиёт ва фармацевтика соҳасига оид бўлди.

– Дори-дармонга ҚҚС жорий этилиши нархнинг сезиларли ўсишига ва уларнинг мавжудлигининг камайишига олиб келиши мумкин. Мамлакатдаги чакана дори-дармон бозори чекланган: тахминан 8,6 минг хусусий дорихона йилига 600 млрд тенгега яқин айланмани бўлишмоқда. Бир савдо нуқтасига тўғри келганда ойига 5,8 млн тенгени ташкил этади. Маъмурий ва операция харажатлар ошган ҳолда умумий устама 30%гача етиши мумкин: унинг ичида дорихонанинг базавий устамаси, қўшимча 5% ҚҚС ва иш ҳақи фонди танқислигини қоплаш учун яна тахминан 5% тўлов бор, – дея таъкидлади МТП вакиллари.

Мазкур масала ижтимоий жиҳатдан таъсирчан ҳисоблангани сабаб, лойиҳа офиси диққатида қолмоқда.

Тадбиркорларнинг тахминича, нархнинг ўсишига таъсир кўрсатадиган яна бир омил бор. Кўплаб ижара берувчи енгиллаштирилган солиқ режимида ишлайди, аммо ижара тўловини ҚҚС бўйича ҳисобга олиш имконияти йўқ.

Режимлар ўртасидаги чегирмага тақиқ: асосий зиддият нуқтаси

Қозоғистонда бизнес хизмат кўлами ва мураккаблигига қараб турли солиқ режими бўйича ишлайди.

Умумий белгиланган режим (УБР) – солиқ солишнинг «тўлиқ» модели: компания даромад ва харажатларнинг батафсил ҳисобини юритиб, молиявий натижа бўйича солиқ тўлайди.

Махсус солиқ режими (МСР) кичик бизнесга мўлжалланган ва енгиллаштирилган қоида ва маъмурий юк кам. Унинг энг кенг тарқалган варианти — соддалаштирилган декларация («соддалаштирилган режим»), бу ҳолда тадбиркор мураккаб ҳисоб-китобсиз, айланмадан белгиланган формула бўйича фақат солиқ тўлайди.

Жорий йилда янги Солиқ кодексида кичик бизнесга мўлжалланган ушбу енгиллик формал жиҳатдан сақланган бўлса-да, давлат бир вақтнинг ўзида турли режимлар ўртасида ўзаро таъсир қилиш қоидасини қаттиқлаштирмоқда. Ҳукумат буни соя схемаларни қисқартириб, тизимнинг ошкоралигини ошириш учун қўллаганини айтган эди.

«Атамекен» миллий тадбиркорлар палатасининг маълумотига кўра, баҳсли янгилик шу ерда пайдо бўлди. Энди умумий белгиланган режимда ишлайдиган компаниялар махсус солиқ режимини (шу жумладан «соддалаштирилган режимни») қўллайдиган тадбиркорлар билан қилган операцияларини чегирмаларга киритолмайди.

Бунинг қандай оқибатлари бўлиши мумкин? Бунинг учун Палатанинг тадбиркорлар ўртасида ўтказган сўровномасига назар солайлик. Сўровнома маълумотига кўра, МСРда ишлайдиган субъектларнинг 48%и юридик ва жисмоний шахслар билан бирга ишласа, яна 43%и фақат жисмоний шахслар билан алоқада. Шунингдек, сўровномада қатнашганларнинг 61%и УБРдаги компанияларнинг етказиб берувчиси экан.

Уларнинг 91%и мижозларига нисбатан чегирмаларнинг чекланиши бизнесга салбий таъсир кўрсатади деб ҳисоблайди. Сўровномада қатнашганларнинг 36%и фаолиятини тўхтатиши мумкинлигини тахмин қилса, 14%и УБРга ўтишни кўриб чиқмоқда. Агар уларнинг фаолияти МСР доирасида умуман мавжуд бўлмаса, тадбиркорларнинг 41%и ишни тўлиқ тўхтатишга тайёр, яна 30%и кейин қандай ҳаракат қилиш кераклигини билмайди.

Шунинг учун режимлар ўртасидаги чегирмаларга тақиқ бутун солиқ ислоҳотидаги долзарб ва баҳсли нуқталардан бирига айланди.

Умумий белгиланган режимда ишлайдиган компаниялар орасида ҳам шундай муаммо кузатилмоқда. Сўровнома маълумотига кўра, уларнинг 51%и махсус солиқ режимидаги етказиб берувчилар билан ишлайди. Янги қоидага қарши чиққанлар икки қарашда: етказиб берувчиларни алмаштириш (35%) ёки бизнесни ёпиш (23%).

Фото: Азертадж

Иқтисодчи Сапарбай Жубаев муаммонинг маъмурий жиҳатига эътибор қаратди.

– Кичик бизнес вакилларининг кўпчилигида шу вақтгача штатли бухгалтер бўлмаган, улар ҳисоботни топшириш даврида фақат ташқи хизматдан фойдаланган. Даромад ва харажатларни доимий ҳисобга олиш улар учун сезиларли харажатни талаб қилади. Шунинг учун муаммо ҳали тўлиқ ҳал қилинмаган ва, эҳтимол, келгусида ҳам муҳокама қилинаверса керак, – деди эксперт.

Солиқ хавфсизлиги бўйича эксперт Дмитрий Казанцев тақиқнинг мантиғи нотўғри деб ҳисоблайди.

– Кодексга ўзгаришлар киритилиши аниқ. Шулардан бири — «соддалаштирилган режим» билан амалга ошириладиган операциялар бўйича чегирмаларга тақиқ қўйиш. Бундай қадамга борган биринчи давлат – биз. Умуман олганда, бир бизнеснинг иккинчи бизнес билан ишлай олмаслиги тўғри эмас, иқтисодий муносабатнинг кўплаб базавий қоидаларига зид, – дея таъкидлади у.

Рақамли солиқ тизими: Назоратнинг бошқа йўли бор

Жорий йилдан бошлаб Қозоғистонда солиқ маъмурийлаштиришнинг ягона интеграцияланган тизими ишга тушади. Солиқ декларациялари, банклар ва рақамли платформалардан олинган маълумотларни автоматик равишда таққослаш амалга оширилади.

Давлат даромадлари қўмитаси тизим асоссиз блоклаш хавфини имкон қадар олдини оладиган қилиб лойиҳалаштирилганини айтган эди. Шу мақсадда чекловни қўллашдан олдин назорат босқичи кўзда тутилган, турли манбадан олинган маълумотларга кўп даражали таққослаш ўтказилади, шунингдек, ички тизимлар ўртасида синхронлаштириш ва хатони қайта ишлаш механизми жорий этилган. Барча операцияга доимий мониторинг олиб борилади, техник носозлик ҳолатида автоматик қарор вақтинча тўхтатилиб, маълумотлар тикланади.

– Тизим асоссиз автоматик блоклашнинг олдини олишга қаратилган ва техник хато юзага келган ҳолда тезкор ҳаракат қилиш ва тузатиш имкониятини таъминлайди, – дейилади қўмитанинг расмий жавобида.

Шунга қарамай ўзгаришнинг кўлами тизимга тушадиган юкнинг юқори эканини кўрсатмоқда. ДДҚ маълумотига кўра, бир ҳафта ичида идорага солиқ тўловчилардан 20 мингга яқин ариза тушган.

Фото: Kazinform

Дмитрий Казанцев ислоҳотнинг икки томонлама хусусиятига тўхталди.

– Хато томони – чегирмаларга тақиқ, ҚҚС ставкаси ва рўйхатдан ўтиш чегарасининг ўсиши. Ижобий жиҳати – ўзини ўзи банд қилганларга мўлжалланган режим, у миллионлаб одамларнинг даромадини қонунийлаштириш имконини беради. Кодекс ҳали ҳам ўзгаришга учрайди, бу унинг сўнгги таҳрири эмаслигини англатса керак, – дея хулоса қилди эксперт.

Экспертларнинг фикрича, мамлакатдаги ойлик ҳисоб кўрсаткичи сиёсатига ўзгартириш киритиш керак. Сапарбай Жубаев БҲМ ўзини ўзи банд қилганлар ва даромади кам фуқаролар учун муҳим роль ўйнайди деган фикрда.

– 2027 йилга БҲМ 4 325 тенге даражасида белгиланган. Агар жисмоний шахснинг йиллик даромади 300 БҲМдан ошмаса, у якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишга мажбур эмас. Бу ҳолда у фақат пенсия тўловлари, ижтимоий тўловлар ва тиббий суғурта тўловларини тўлаб, жисмоний шахслар даромад солиғини тўламайди, – дея тушунтирди эксперт.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Солиқ кодекси фақат ставкаларни ошириш эмас, бутун тизимни қайта ўзгартиришга уриниш эканлиги тушунарли. Ҳукумат кодексни такомиллаштира олса, бюджет даромадини мустаҳкамлаб, соя иқтисодиётининг йўлини тўсиш имкониятига эга бўлиши аниқ.