Сингапур Қозоғистонга инвестицияларни самарали бошқариш тажрибасини таклиф қилмоқчи
Бугун Мажилиснинг умумий йиғилишида “Қозоғистон Ҳукумати ва Сингапур Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Шартнома 2018 йил 21 ноябрда имзоланган.
“Инвестициявий ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналиши сифатида қаралмоқда. Сингапур Қозоғистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги етакчи ҳамкорларидан бири бўлиб, дунёдаги энг муҳим молиявий марказлардан бирига айланди. Ҳозирда икки томонлама муносабатлар сармоя соҳасида фаол ривожланмоқда”, - деди Ташқи ишлар вазири ўринбосари Назира Нурбаева.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантириш учун Сингапур сармояни самарали бошқариш тажрибаси ва технологиясини таклиф қилиши мумкин. Ушбу ҳужжат доирасида инвесторларнинг халқаро ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш ҳисобга олинган.
“Жумладан, шартномада инвестиция фаолиятини амалга ошириш жараёнида инвесторлар ҳуқуқлари кафолатларини тасдиқлаш орқали ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш назарда тутилган. Ҳужжат ратификация қилинса, унинг амалга оширилиши салбий ижтимоий-иқтисодий ёки ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ва республика бюджетидан қўшимча молиявий харажатларни талаб қилмайди”, - деди вазир ўринбосари.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов