Си Цзиньпиннинг ташрифи: Қозоғистон-Хитой муносабатлари қандай ўзгаради
ASTANA. Kazinform – Бугун Қозоғистонга Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин келади. Икки кун давом этадиган ташриф доирасида давлатлараро масалалар муҳокама қилиниб, икки давлат раҳбарлари «Марказий Осиё – Хитой» саммитида иштирок этади. Kazinform агентлигининг таҳлилий шарҳловчиси юқори даражадаги учрашувнинг аҳамияти ва икки томонлама ривожланиш динамикасини таҳлил қилишга уринди.
Стратегик ҳамкорлик босқичи
Хитой Халқ Республикаси – Қозоғистоннинг асосий стратегик ҳамкорларидан бири. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ сиёсий-иқтисодий ташаббусларга қўллаб-қувват кўрсатиб, халқаро муносабатларда ҳамфикр давлатга айланди. 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён кўплаб ҳужжатлар имзоланди: 1995 йили Хитой ҳукумати ядровий давлат сифатида Қозоғистон хавфсизлигига кафолат берган бўлса, 1999 йили икки давлат ўртасидаги чегара масаласи тўлиқ ҳал этилди. Кейинроқ «Шанхай бешлиги» доирасида мудофаа соҳасидаги келишувлар, чегара ҳудудида қуролли кучларни ўзаро қисқартириш ҳақидаги битимлар амалий самара бергани маълум.
Бугунги кунда давлатлараро муносабатларда иқтисодий ўсиш асосий ўринни эгаллайди. Савдо ва интеграция вазирлигининг маълумотига кўра, ўтган йили Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Савдо ҳажми деярли тенг тақсимланган: экспорт – 14,8 миллиард АҚШ доллари, импорт – 15,1 миллиард АҚШ доллари.
Сўнгги йилда экспорт ўсишига назар ташласак:
- мис ва мисдан ясалган катодлар – 40,7%
- уран – 39,1%
- ферроқотишмалар – 44,4%
- қимматбаҳо металлар ва уларнинг концентратлари – 47,9% га ошган.
Бундан ташқари, ядровий реакторлар, твэллар, изотопларни ажратишга мўлжалланган ускуналар ва қурилмалар экспорти ҳам сезиларли даражада ошгани кузатилган.
Хитой томони эса 20 га яқин савдо йўналиши бўйича маҳсулот етказиб беради. Улар орасида телефон аппаратлари, енгил автомашиналар, ҳисоблаш машиналари, автомобилларга мўлжалланган кузовлар, йўл ва қурилиш техникаси ҳамда тракторлар ва автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ва бошқа керакли жиҳозлар мавжуд.
Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти (ҚСТИ) қошидаги Осиё тадқиқотлари бўлими катта таҳлилчиси Жадира Асатқизига кўра, сўнгги ташаббуслар икки давлатнинг сиёсий йўналишига мос равишда ишлаб чиқилган.
“Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги экспорт тузилиши босқичма-босқич ўзгариб, қайта ишланган маҳсулотлар улуши ошиб бормоқда. Бу жараён Хитойнинг инвестиция сиёсати билан боғлиқ: 2022-2024 йиллар оралиғида Хитойнинг янги тўғридан-тўғри инвестицияларининг 90 фоиздан ортиғи юқори қўшилган қийматга эга тармоқларга – нефть-кимё, полимер ишлаб чиқариш, нефтьни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш ва машинасозлик соҳаларига йўналтирилди.
Масалан, Павлодар вилоятида Xinfa Group компанияси томонидан интеграциялашган саноат парки қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, China Energy Investment Corporation компаниясининг кўмир кимёси мажмуасини ишга тушириши ва Changan, Haval, Chery маркаларидаги автомобиллар йиғиш лойиҳалари – хитой сармоясининг қайта ишлаш саноати ва технологиявий кластерларга қаратилаётганидан далолат беради”, – дейди у.
Қозоғистон Хитойнинг иқтисодий салоҳиятини фақат ички бозорда эмас, балки логистикадан даромад олиш имконияти сифатида ҳам фаол қўллай бошлади. Қозоқ дашти Хитой учун Европа томон тўғридан-тўғри қуруқлик йўли ҳамда Марказий Осиёда ўз маҳсулотини сотиш учун асосий йўлакка айланган. Йилдан-йилга «Бир макон – бир йўл» дастури доирасида Қозоғистон ҳудудидан ўтадиган юк оқими ортиб бормоқда.
Инфратузилма ва логистика соҳасидаги фаоллик эътиборга лойиқ
Хитой иштирокида амалга оширилаётган 200 дан ортиқ лойиҳанинг аксар қисми транспорт, инфратузилма ва саноат ишлаб чиқариш соҳаларида жамланган. «Бир макон – бир йўл» ташаббуси доирасида Қозоғистон транспорт-логистика маркази сифатида танилиб бормоқда. Бу ўзгариш қайта ишлаш салоҳиятини кучайтиришга имкон берувчи сифатли ўзгаришларга йўл очмоқда.
“Қозоғистон фақат хом ашё етказиб берувчи эмас, балки Хитойнинг Евроосиё стратегиясида инфратузилмавий ва транзит хаб сифатида муҳим ўрин тутади. Масалан, 2023 йили Хитойнинг уран импортининг 60 фоизидан ортиғини Қозоғистон таъминлаган, бу эса Хитойнинг атом энергетикаси учун стратегик аҳамиятга эга. Бундан ташқари, ҳар йили Россиядан 10 миллион тоннага яқин нефть Атирау-Алашанькоу нефть қувури орқали Хитойга етказиб берилади. Шу билан бирга, Қозоғистон Хитойга мис, ферроқотишма, хром, дон ва ёғли экинлар каби хом ашё маҳсулотларини доимий равишда экспорт қилмоқда.
«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Қозоғистон асосий транзит давлат сифатида эътироф этилмоқда. Ўрта йўлак – яъни Хитойдан Европага олиб борувчи альтернатив транспорт йўли айнан Қозоғистон орқали ўтади. Бу йўналишнинг ривожланиши Қозоғистоннинг геосиёсий аҳамиятини анча оширди”, – дейди мутахассис.
Яқинлик: туризм, маданият, санъат
Сўнгги йилларда Қозоғистон ва Хитой ўртасида цивилизацион яқинлашув жараёни кузатилмоқда. Бу, аввало, икки давлат ўртасидаги қатнов тартибларининг енгиллашуви билан боғлиқ. Қозоғистон Хитой билан визасиз тартиб ўрнатган дастлабки давлатлардан бири сифатида икки томонлама туризм кўрсаткичларининг ўсишига ҳамда тадбиркорларнинг бевосита ҳамкорлик учрашувларининг кучайишига замин яратди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил Хитойда Қозоғистон туризми йили деб эълон қилинган бўлиб, Осмон ости мамлакатида 30 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Йил давомида Қозоғистоннинг туристик хизмат ва маҳсулотлари ITB China, ITE Hong Kong, COTTM ҳамда China International Medical Tourism Fair каби тўрт йирик туристик кўргазмада намойиш этилди. 50 дан ортиқ етакчи туроператор билан алоқа ўрнатиш имконияти яратилди, улардан баъзилари бугунги кунда Қозоғистонни ўз каталогларига киритган.
Ижобий ўсишни сақлаб қолиш учун қозоқ маданияти ва тарихини тарғиб қилиш муҳим. Шу мақсадда Қозоғистон ҳақидаги 3 қисмли Bond with China ҳужжатли фильми Хитойнинг энг йирик CCTV-4 телеканалида намойиш этилди. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан машҳур блогерларни мамлакатга таклиф этиш орқали 60 миллиондан ортиқ кўриш жамғарган медиа-контент яратилишига ҳисса қўшилди. Бундан ташқари, Дежоу ва Ланфан шаҳарларида «Қазақконцерт» ижодий жамоасининг гастроллари, Тяньцзинь шаҳрида Қозоғистон Миллий музейи кўргазмаси, Пекинда эса «Науризфест» этнофестивали ўтказилган.
Хитой билан музокаранинг икки йўналиши
Мутахассислар тахминига кўра, Хитой билан олиб бориладиган музокаралар икки асосий йўналишда ривожланади. Биринчиси – Қозоғистонга тўғридан-тўғри тааллуқли лойиҳалар, иккинчиси – Марказий Осиёнинг иқтисодий ва экологик масалалари. Айниқса, инвестиция, транспорт-транзит, чегаралараро дарёлар мавзуси долзарб бўлади.
Жадира Асатқизи келгусидаги келишувлар шерикликни янги сифат босқичига олиб чиқиб, ишлаб чиқариш ва технологиявий интеграциянинг асосий лойиҳаларини амалга оширишга туртки беради, деб ҳисоблайди.
“Инвестициявий ҳамкорликка янги суръат берилади. Томонлар хом ашёга боғлиқ бўлмаган соҳалар – машинасозлик, нефть-кимё, агросаноат қайта ишлаш ва фармацевтикага йўналтирилган инвестициялар ҳажмини оширишни мақсад қилган. Хитой компаниялари Қозоғистонда қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини очиб, маҳсулотларини ўз бозорига барқарор етказиб беришга қизиқиш билдирмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш – транспорт ва транзит. Янги темирйўл ўтказмалари очиш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, Каспий портлари ва «Хоргос» қуриқ портини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади. Қозоғистон ва Хитой транспорт йўлакларини тўлиқ иқтисодий маршрутларга айлантиришни мақсад қилмоқда”, – деб башорат қилади таҳлилчи.
Қозоғистон иқтисодиётида хом ашё ишлаб чиқариш ҳукмронлиги сир эмас. ҚР Президенти ҳам, иқтисодчилар ҳам янгича инновацион тизим билан саноатнинг бошқа тармоқларини ривожлантириш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган. Сиёсий тадқиқотлар маркази директори Айдар Амирбаев Хитой раҳбарининг ташрифидан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш технологиялари соҳасида зарур лойиҳаларни муҳокама қилиш керак, деб ҳисоблайди.
“Айтиш керакки, ҳозир Хитой иқтисодиёти жуда юқори сифат даражасига эга. Олдингидай фақат кийим-кечак ишлаб чиқарувчи жаҳон мануфактураси деб қараш мумкин эмас. Улар технологияли давлатга айланиб бормоқда. Бошқа давлатлардан кам бўлмаган даражада сунъий интеллект ва инновацион лойиҳаларни амалга оширяпти. Шу сабабли Хитой билан қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини очиш сифат ва нарх жиҳатдан манфаатли. Масалан, Ғарб мамлакатларидан сифатли технология олиш жуда қимматга тушади, логистикадаги муаммолар эса алоҳида масала. Хитой эса яқин, нархи эса яхши”, – деди у.
Дарҳақиқат, Қозоғистон Хитойга асосан хом ашё экспорт қилмоқда. Узоққа бормай, ўтган йилги маълумотларга назар ташласак, экспорт қилинган маҳсулотлар ичида нефть-газ ва қимматбаҳо металлар пешқадамлик қилган. Жорий йил статистикасида ҳам катта ўзгариш йўқ. Демак, навбатдаги музокараларда қайта тикланувчи энергия, водород ва атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги лойиҳалар муҳокама қилиниши мумкин. Шунингдек, илмий-тадқиқот марказларини ривожлантириш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва рақамли савдо бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режаланган.
Айдар Амирбаев фикрига кўра, Хитой раиси ташрифи доирасида хом ашёдан ташқари соҳаларга устуворлик бериш керак. Лекин амалга оширилаётган хом ашёга оид лойиҳаларни ҳам инкор этмаслик зарур. Чунки бугунги нотинч замонда Хитойни хом ашё билан қизиқтириш ҳам осон иш эмас. Ундан ташқари, бошқа йўллари тўсилган Россия ҳам ўз нефть-газини Хитойга сотишга мажбур.
“Нефть-газ соҳасида биз Россия билан рақобатдошмиз. Чунки қўшнимиз санкцияларга дуч келгани учун ўз нефть-газини асосан Хитой ва Ҳиндистон бозорларига сотмоқда. Шу боис Хитой Қозоғистонни хом ашё манбаи сифатида кўраётгандек. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон Хитойга хом ашё етказиб беришни кўпайтиришга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг учун нефть-газ қувурларини янгилаш, буюртма ҳажмини ошириш муҳим”, – деди мутахассис.
Темирйўл тугуни ва сув муаммоси
Си Цзиньпин иштирокида ўтадиган тадбирлар рўйхатига «Марказий Осиё – Хитой» саммити ҳам киритилган. Бу муносабат билан минтақада «Хитой ва Марказий Осиё+» форматидаги ҳамкорлик қандай имкониятлар олиб келади?» деган савол долзарб бўлиб турибди. Чунки Астанадаги учрашувда давлат раҳбарлари муҳокама қиладиган масалалар бутун минтақа учун муайян ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Бундан аввал ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2030 йилга келиб 100 миллиард долларга етиши мумкинлигини айтган эди. Бу мақсад аста-секин амалга ошиб бораётгандек. Масалан, 2022 йили Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 70 миллиард долларга етган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 95 миллиард доллардан ошиб кетди. Шунингдек, Хитойнинг Транскаспий транспорт йўлаги орқали Европага юк ташиши сўнгги икки йилда 4,5 миллион тоннагача кўпайган.
Сиёсатшунос Айдар Амирбаевнинг таъкидлашича, саммитда транспорт ва транзит йўналишлари асосий мавзуга айланиши мумкин. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари учун умумий ташув йўналишини ривожлантириш сценарийси муҳокамага қўйилиши эҳтимолдан холи эмас.
“Марказий Осиё давлатлари логистика лойиҳаларини биргаликда ривожлантирадиган пайт келди. Эътибор берсангиз, бугунгача бир-бирининг ҳудудидан четлаб ўтиб, айланма савдо йўлини излаш ҳаракатлари кўпайди. Шунинг учун Хитой томони билан келишган ҳолда, Марказий Осиё учун ягона йўналишни ривожлантириш лозим”, – дейди мутахассис.
Бироқ тарафлар умумий транзит салоҳиятини ривожлантиришга келишиб олганига қарамай, ҳал этилиши лозим бўлган тўсиқлар ҳам йўқ эмас. Мутахассислар фикрича, Хитой билан логистикадаги асосий муаммолардан бири – темирйўл стандартларининг фарқли эканидир. Буни ҳамма ҳам билавермайди: Хитой ва Қозоғистон темирйўл рейсларининг ўлчами турлича. Шу боисдан Хитойдан чиққан юк поезди тўхтовсиз Қозоғистонга етиб келолмайди.
“Хитой ва Қозоғистоннинг темирйўл стандартлари ҳар хил. Бу юк поездини тўғридан-тўғри олиб ўтиб бўлмаслигини англатади. Ҳозирги стандартларга кўра, Хитой ва Европа темирйўллари бир хил ўлчамда, Қозоғистон ва Россияда эса алоҳида стандарт қўлланилади. Шу боисдан, Хитойдан юборилган поезд Қозоғистон чегарасида рейслар алмашишини кутишига ёки бошқа вагонларга юкни қайта жойлашга тўғри келади. Умумий технологияга ўтиш логистикадаги тўсиқларни камайтиб, бизнес ривожига туртки бўлар эди”, – деди Айдар Амирбаев.
ҚСТИ (Қозоғистон Стратегик Тадқиқотлар Институти)нинг Осиё тадқиқотлари бўлими катта таҳлилчиси Жадира Асетқизи ҳам саммит давомида «Ўрта йўлак» (Middle Corridor – Транскаспий халқаро транспорт йўлаги) транзит салоҳияти асосий муҳокама мавзусига айланишини айтади. Чунки бу масала нафақат Қозоғистон, балки Хитой учун ҳам стратегик аҳамиятга эга.
“Хитойни Ғарб билан боғловчи асосий транзит йўлига айланган Ўрта йўлак ўз самарасини исботлади. Илгари муқобил йўналиш ҳисобланган ушбу йўналиш эндиликда асосий йўлак ролини кучайтирмоқда. Хитой ҳам, Европа Иттифоқи ҳам бу йўналишда юк ташиш ҳажмини оширишдан ўз манфаатдорлигини очиқ кўрсатди.
Масалан, Хитой Ўрта коридор темир йўл инфратузилмасидаги тўсиқларни бартараф этиш ва 2030 йилга бориб ўтказиш қобилиятини 3-4 баравар ошириш учун катта инвестицияларни жалб қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, чегара терминаллари ва логистика марказларини (Хоргос, “Хоргос – Шарқий дарвоза”) биргаликда ривожлантириш, рақамли савдо майдончаларини ишга тушириш Қозоғистонни Евроосиё транспорт архитектурасининг муҳим бўғинига айлантирмоқда», – деди у.
Сиёсий таҳлилчиларга кўра, саммитда Марказий Осиё ва Хитой ўртасида сунъий интеллект, биотехнология, квант ҳисоблаш, технопарклар ва илмий марказлар яратиш бўйича қўшма стартаплар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, сувдан фойдаланиш бўйича минтақавий келишув ва иқлим масалалари кун тартибида бўлиши мумкин. Трансчегаравий дарёларнинг сув сатҳини тартибга солиш, сув хўжалиги тизимини яратиш, агротехнологияга сармоя жалб этиш ғоялари қўллаб-қувватланишига ишонч бор.