Шимолий Орол денгизини қутқариш: Сув ресурслари вазирлиги ва Жаҳон банки янги лойиҳани ишга туширди
ASTANA. Kazinform - Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Қозоғистондаги Жаҳон банкининг доимий вакили Андрей Михнев билан учрашди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу лойиҳа денгиздаги сув сатҳини кўтариш учун Кўкарал тўғонини реконструкция қилишни ўз ичига олади. Ҳозирда лойиҳани ишлаб чиқиш ишлари якунланяпти. Бундан ташқари, рақамлаштириш ва автоматлаштириш элементларини жорий этиш орқали Қизилўрда вилоятида суғориш тармоқларини тиклаш лойиҳаси тайёрланяпти.
Бу сувдан самаралироқ фойдаланиш имконини беради ва тежалган сув ҳажмини Шимолий Орол денгизига йўналтириш учун йўл очади. Ушбу лойиҳалар ҳозирда давлат экспертизасидан ўтмоқда.
Учрашув якунлари бўйича томонлар қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини Қозоғистон Республикаси Бош вазири раислигидаги Халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этишга келишиб олдилар.
“V Миллий қурултойда Давлат раҳбари Шимолий Орол денгизини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу масала давлат сув сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қоляпти. Барча қўшни давлатлар билан трансчегаравий сувлар бўйича янги ҳуқуқий асос шакллантириляпти, доимий ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни таъминлаш учун икки томонлама комиссиялар тузилди ва фаолият юритяпти. Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш ва тиклаш нафақат экологик, балки ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга вазифадир. Шунинг учун ҳам бу лойиҳа биз учун алоҳида аҳамиятга эга”, - деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Орол денгизидаги сув ҳажмини 34 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.