Самарқанддан Туркистонга тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилади

Фото: Фото: freepik.com

Ўзбекистоннинг Silk Avia авиакомпанияси Самарқанд-Туркистон-Самарқанд йўналиши бўйича парвозларни бошлайди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги UzАга таяниб хабар беради.

Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятидан маълум қилишларича, жорий йилнинг 14 октябрь куни биринчи деморейс чартер бўйича йўловчиларни ташийди. Парвоз давомийлиги 1 соат 20 минут.

“Яқин келажакда Самарқанддан Туркистонга йўловчи ташишни мунтазам қатновлар қаторига киритиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Қозоғистон ташаббуси билан авиакомпания Фарғонадан Туркистонга парвозларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда”, — дея қўшимча қилди Silk Avia матбуот хизмати.

Silk Avia компанияси жорий йилнинг 25 апрелидан Ўзбекистон шаҳарларига мунтазам қатновларни йўлга қўйди. У илк халқаро парвозини август ойида Қирғизистондаги Иссиқкўлга қилган. Айни пайтда ўзини арзон авиаташувчи сифатида кўрсатаётган компания паркида учта 70 ўринли АТР 72-600 самолёти мавжуд.