Рютте: НАТОнинг ҳарбий харажатлари 10 йил ичида бир триллион долларга ошди
ASTANA. Kazinform – АҚШ президенти Дональд Трамп таъсирида бу харажатлар келажакда бир неча триллион долларга ошади. Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
Гаагадаги НАТО саммити иштирокчилари учун тантанали қабул маросимида сўзга чиққан Рютте альянснинг сўнгги 10 йилдаги ҳарбий харажатларига тўхталиб ўтди.
“НАТОнинг ҳарбий харажатлари сўнгги ўн йил ичида бир триллион долларга ошди. Бу учун сизга раҳмат, Президент Трамп. Сиз бизни олдинга етакладингиз. Энди бу харажатлар бир неча триллион долларга ошади”, – деди у.
Рюттенинг сўзларига кўра, бу ўсиш альянснинг мудофаа харажатларини 2035 йилга бориб ЯИМнинг ҳозирги 2 фоизидан 5 фоизигача ошириш режаси билан боғлиқ бўлади. Бу қарор 25 июнь куни Гаагадаги саммитда қабул қилиниши кутилмоқда.
НАТО етакчиларининг асосий учрашуви 25 июнь куни бўлиб ўтади. Уч соатга мўлжалланган ялпи мажлисда 32 иштирокчи давлатнинг ҳар бирига сўзлаш учун 5,5 дақиқадан вақт берилади.
Бироқ, Рютте бу сафар ҳарбий харажатлар муҳокама бўлмаслигини олдиндан айтди. Чунки якуний баёнот душанба куни аллақачон келишилган. Саммитда давлат раҳбарлари фақат унга имзо чекиб, қисқа сиёсий баёнотлар билан чиқишади.