Рўза пайтида қандай овқатланиш керак

Фото: Фото: Pexels

ASTANA. Kazinform – Бу йил муқаддас Рамазон ойи 19 февралда бошланади. Пойтахт Соғлиқни сақлаш бошқармаси рўза пайтида қандай овқатланиш кераклиги бўйича тавсиялар берди.

Рўза тутишнинг соғлиқ ва овқат ҳазм қилиш тизими учун кўплаб фойдалари бор. Рўза тутган одамнинг танасида ички ресурслар тўпланади, ёғ захиралари камаяди ва тўпланган токсинлар ажралиб чиқади. Бироқ, иммунитетга зарар етказмаслик учун тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш керак.

Шифокор-диетолог Жанна Нурберген қайси овқатларни истеъмол қилиш ва қайсиларидан тийилиш кераклигини тушунтурди. Мутахассис тўйимли овқатларга устувор аҳамият беришни, чарчоқ ва чанқовни келтириб чиқарадиган овқатлардан воз кечишни тавсия қилди.

«Гўшт, балиқ, ловия, тухум каби оқсилга бой овқатларни истеъмол қилинг. Соғлом ёғлар: тозаланмаган ўсимлик мойлари, ҳайвон ёғи, сариёғ рационда бўлиши керак. Бундан ташқари, мураккаб углеводларни истеъмол қилиш тавсия этилади: қора кепакли нон, сабзавотлар, ёрмалар, донли маҳсулотлар», — деб маслаҳат берди Жанна Нурберген.

Шифокор шунингдек, истеъмол қилишни тавсия этилмайдиган овқат турларини санаб ўтди:

  • Нитрит тузлари бўлган маҳсулотлар - колбаса маҳсулотлари (колбаса);
  • Ширинликлар, қандолат маҳсулотлари;
  • Юқори навли ундан тайёрланган маҳсулотлар (нон, макарон ва бошқалар);
  • Энергетик, ширин ичимликлар;
  • Кетчуп, майонез, турли хил соуслар;
  • Ўсимлик ёғида қовурилган ёғли таомлар.

Мутахассис биринчи навбатда оғизни илиқ сув ва хурмо билан очиб, 15 дақиқа овқатланмасдан кутиш кераклигини айтади. Кейин, иссиқ овқатдан олдин салат истеъмол қилиш яхшироқдир. Унинг таркибидаги ўсимлик толаси ичакларни ортиқча токсинлардан тозалашга ёрдам беради.

Тавсия этилган овқатлар: 7-8 соат қайнатилган суяк шўрваси, гўшт маҳсулотлари, балиқ, товуқ гўшти, донли маҳсулотлар, сабзавотлар ва мевалар. Шунингдек, соғлом ёғлар ҳақида ҳам айтиб ўтиш керак. Авакадо, зайтун мойи, ёнғоқлар билан салатлар тайёрлашингиз мумкин. Ширин ва шўр овқатлардан воз кечиш керак.

Саҳарликка нима ейиш фойдали? Узоқ вақт давомида тўқлик ҳиссини берадиган, энергия берадиган ва чанқоқлик туғдирмайдиган овқатларга эътибор қаратиш муҳимдир. Сули ёрмаси, гречка, гуруч, арпа ёрмалари, тухум, сут маҳсулотлари, шакарсиз кефир, йогурт, гўштнинг барча турлари ҳамда қора нон тавсия этилади. Оқ ундан тайёрланган нонни истеъмол қилиш мутлақо тавсия этилмайди.

Рамазон ойида тўғри рўза тутсангиз ва ифтолик пайтида ортиқча овқатланмасангиз, овқат ҳазм қилиш тизими жуда яхши дам олади. Бу ошқозон-ичак трактининг тикланишига имкон беради.

Рўза тутиш ҳамма учун ҳам мос эмаслигини ёдда тутиш муҳимдир. Агар танангизда бирон бир муаммо бўлса, албатта терапевт ёки эндокринологга мурожаат қилишингиз керак.