Румен Радев: Қозоғистоннинг космик соҳадаги ютуқларини кўриб ҳайратда қолдим

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Ақордада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар якунлари бўйича қўшма баёноти чоғида Болгария Президенти Румен Радев Қозоғистоннинг космос соҳасидаги ютуқларини кўриб ҳайратланганини айтди.

“Қозоғистон - бизнинг стратегик ҳамкоримиз, Марказий Осиё минтақасидаги ишончли ҳамкоримиз. Қозоғистон билан узоқ йиллик дўстона муносабатларимиз бор. У ўзаро ишонч, ҳурмат ва қўллаб-қувватлашга асосланган, ҳозирги геосиёсий вазиятда, турли қийинчиликлар даврида биз Президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан ҳар қандай масала халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми асосида ҳал қилиниши кераклиги ҳақида умумий фикрга келдик", — деди Болгария Президенти.

У, шунингдек, ҳар икки давлат эришган ютуқлар билан бир қаторда, ҳали ҳам катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

“Мамлакатларимиз ўртасида транспорт, энергетика, рақамлаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорлик салоҳияти улкан. Кеча биз Астанадаги Коинот марказига ташриф буюрдик. Мен Қозоғистоннинг космос соҳасидаги ютуқларини кўриб ҳайратда қолдим, – деди Румен Радев.

Аввалроқ Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Болгария Президенти Румен Радевни Ақордада кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.

Президент қўшма баёнотда Болгариянинг Бургас ва Варна денгиз портларини Транскаспий халқаро транспорт йўлагига киритиш масаласи кўриб чиқилишини айтди.