Рублдаги тўловлар санкцияларнинг аниқ бузилишига олиб келади - Европа Иттифоқи комиссари Симсон
Энергетика идоралари раҳбарлари Россия газининг Польша ва Болгарияга етказиб бериш тўхтатилиши муносабати билан ушбу давлатлар рублда тўлашдан бош тортганидан кейин юзага келган жорий вазиятни муҳокама қилдилар.
Март ойида Россия ҳукумати келгусида газ тўловлари рублда амалга оширилиши ҳақида қарор қабул қилди. Шу билан бирга, «кўк ёқилғи» нархининг кескин ошиши Европа Иттифоқини энергетика инқирози билан таҳдид қилмоқда. Россия газини етказиб беришни тўхтатиш истиқболи газга бўлган эҳтиёжининг 55 фоизини Россиядан етказиладиган Германия иқтисодиётига жиддий путур етказиши мумкин. Европа Иттифоқининг бир қатор бошқа давлатлари ҳам бу борада Москвага жиддий боғлиқ.
ЕИнинг энергия масалалари бўйича комиссари Кадри Симсон якуний матбуот анжуманида Европа Комиссияси Европа Иттифоқига аъзо давлатларга ушбу вазиятда ўз тавсияларини тақдим этганини айтди.
«Биз шартномаларни бир томонлама ўзгартириш тижорат сабаблари билан оқланмаганлигини ва тижорат қонунчилигига кўра, уни рад этиш мутлақо қонуний эканлигини аниқ айтдик. Биз аниқлик киритдикки, рублдаги тўловлар санкцияларнинг аниқ бузилишига олиб келади, чунки улар Марказий банк операциялари учун активларни тақдим этади», — деди Европа комиссари.
Бироқ, кўплаб Европа энергетика компаниялари май ойининг ўрталарида «Газпром» га навбатдаги тўловни амалга ошириши керак ва ҳозир қандай давом этишни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
«Мен вазирларга менинг хизматларим Еврокомиссия ва Европа Кенгашининг юристлари билан биргаликда бизнинг санкцияларимиз остида компаниялар нима қила олиши ва нима қила олмаслиги ҳақида батафсил йўриқнома тайёрлашга ваъда бердим», - деб тушунтирди Симсон.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда Европага етказиб бериш хавфсизлигига бевосита таҳдид йўқ. Польша ва Болгарияга газ етказиб бериш Греция ва Германиядан муқобил йўллар орқали давом эттирилмоқда. Литва ва Польша ўртасидаги газ коннектори ишга тушди. Якунланишига яқин қолган бошқа лойиҳалар, масалан, Болтиқ қувури ва Греция ва Болгария ўртасидаги алоқа тармоғи ҳам ҳал қилувчи рол ўйнайди, - деди Еврокомиссия вакили.
Шу билан бирга Симсон Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари, жумладан Болтиқбўйи давлатлари, Дания, Нидерландия ва Финляндия бирдамлигини тасдиқлаганликлари ва Газпромга рублда тўламасликларини маълум қилди.
Бироқ, Чехия саноат ва савдо вазири Йозеф Сикела Европа комиссиясидан «қандай давом этиши ҳақида аниқ тушунтиришлар» сўради.
30 ва 31 май кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган ЕИ етакчилари саммити олдидан ЕИ ижрочи органи 18 май куни батафсилроқ таклифларни тақдим этиши кутилмоқда.
Муаллиф: Арнур Раҳимбеков