Россияда қимматбаҳо автомобиллар харидорлари бир марталик солиқ тўлашлари мумкин

Фото: Фото: Рexels

ASTANA. Kazinform – Россияда қимматбаҳо автомобиллар, яхталар ва самолётлар сотиб олишга бир марталик солиқни жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Давлат думасига кўриб чиқиш учун тақдим этилади, деб хабар беради ТАСС.

Ҳужжат «Справедливая Россия» фракцияси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган.

Таклиф этилаётган ўзгартиришлар Россия Федерацияси Солиқ кодексига киритилади. Хусусан, қиймати 20 миллион рублдан ортиқ бўлган автомобиллар, шунингдек, қиймати 50 миллион рублдан ортиқ бўлган яхталар, қайиқлар, вертолётлар ва самолётларга бир марталик солиқ белгилаш таклиф қилинмоқда.

Солиқ ставкаси транспорт воситасининг нархига қараб сотиб олиш нархининг 1-4 фоизи оралиғида бўлади. Фоиз ставкаси мулкнинг нарх тоифасига қараб белгиланади.

Қонун лойиҳасига кўра, солиқ давлат рўйхатидан ўтказилганда бир марталик тўлов шаклида тўланиши керак. Агар транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмаса ёки рўйхатдан ўтказиш амалга оширилмаса, солиқ сотиб олинган кундан бошлаб 30 календар кун ичида тўланиши керак. Ҳужжатда кўрсатилганидек, транспорт воситаси солиқ тўланмагунча рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмас.

Шунингдек, қимматбаҳо кўчмас мулк учун табақалаштирилган солиқ ставкасини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Қиймати 350 миллион рублдан ортиқ бўлган объектлар учун ставка 3 фоизни ташкил қилиши мумкин.

450 миллион рублдан ортиқ қийматдаги мулк учун 3,5 фоиз, 550 миллион рублдан ортиқ қийматдаги кўчмас мулк учун эса 4 фоиз солиқ ставкасини белгилаш режалаштирилган.

Тушунтириш хатида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Россия Федерациясининг таъсис субъектлари ва маҳаллий бюджетларнинг даромадларини ошириш, шунингдек, ортиқча кўчмас мулк ва жуда қиммат кўчар мулкка эгалик қилишни оптималлаштириш имконини бериши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда январь ойида йиллик инфляция даражаси 6 фоизни ташкил этди.