Россия ЕОИИ давлатларига 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқишни тақиқлади

ASTANA. Kazinform - Россия президенти Владимир Путин жисмоний шахсларнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларига, шунингдек, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонга 1 миллион рублдан ортиқ миқдорда нақд рубль олиб чиқишини тақиқловчи фармонни имзолади , деб хабар беради Kazinform.

Фото: pixabay

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга эса кўрсатилган давлатларга нақд рубль олиб чиқиш суммасидан қатъи назар тақиқланади.

Шу билан бирга, фармонда истиснолар ҳам назарда тутилган. Жумладан, айрим халқаро аэропортлар орқали нақд рубль олиб чиқишга банк ҳисобварағи ёки омонатдан маблағ ечилганини тасдиқловчи банк кўчирмалари ёки Россия ҳукумати белгилайдиган рўйхатдаги бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда рухсат берилади.

Россиядан ташқарида жўнатиш ва бориш нуқталарига эга бўлган халқаро ташувларни амалга оширувчи юридик шахслар учун алоҳида истисно белгиланган. 

Шунингдек, фармонда назарда тутилган ҳолларда Россиянинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва бошқа хориждаги муассасалари фаолиятини таъминлаш учун уларга нақд рубль олиб чиқишга қўйилган чекловлар татбиқ этилмайди.

Тақиқ бузилган тақдирда жисмоний шахслардан 1 миллион рублдан ортиқ сумма мусодара қилинади. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан эса олиб чиқилаётган нақд Россия валютасининг барчаси мусодара этилади.

Аввалроқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, жисмоний шахсларга ЕОИИ давлатларига 100 минг долларига эквивалентдан ортиқ миқдорда нақд рубль олиб чиқиш тақиқланган эди. Шу билан бирга, белгиланган чегарадан ортиқ суммани зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда айрим халқаро аэропортлар орқали олиб чиқишга рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, ЕОИИ таркибига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради. Янги фармон жисмоний шахслар учун лимитни 1 миллион рублгача камайтирди ва чекловларни Озарбайжон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистонга ҳам татбиқ этди.

Ҳужжат имзоланган кун — 2026 йил 29 сентябрдан кучга кирди.