Оддий пулдан фарқи нимада?
Бугунги кунда қозоғистонликлар тенгедан икки шаклда фойдаланади. Булар — нақд пул ва банклардаги нақд пулсиз маблағлар. Биринчиси — Миллий банк томонидан чиқариладиган банкнот ва тангалар бўлса, иккинчиси — тижорат банкларидаги ҳисобварақлар ва карталарда сақланадиган пул маблағларидир.
Энди бу қаторга рақамли тенге ҳам қўшилмоқда. Унинг асосий хусусияти шундаки, рақамли тенгени тижорат банки эмас, балки тўғридан-тўғри Қозоғистон Миллий банки чиқаради. У - Миллий банкнинг мажбурияти ҳисобланади. Шунинг учун рақамли тенгенинг алоҳида курси мавжуд эмас: 1 рақамли тенге ҳар доим 1 тенгега тенг.
Бу жиҳат уни криптовалюталардан ҳам тубдан фарқлайди. Биткоин ёки Ethereum каби активларнинг қиймати бозордаги талаб ва таклифга қараб ўзгариши мумкин ва улар марказий банк томонидан чиқарилмайди. Рақамли тенге эса миллий валютанинг янги шакли бўлиб, унинг қиймати тенгенинг ўз қийматига боғланган. Шунинг учун уни инвестициявий актив сифатида кўриб бўлмайди.
Шу муносабат билан рақамли тенгенинг қимматлашувидан фойда олиш ёки ундан кафолатланган даромад олишни таклиф қилаётган рекламалардан эҳтиёт бўлиш керак. Миллий банк бундай таклифларни фирибгарлик схемаси сифатида баҳолаб, фуқароларни эҳтиёткор бўлишга чақиради.
Пулни дастурлаш мумкин
Рақамли тенгенинг асосий хусусиятларидан бири — пулни дастурлаш имконияти. Яъни маблағни қайси мақсадга, қандай товар ва хизматларга ҳамда қандай шароитларда сарфлаш мумкинлигини олдиндан белгилаб қўйиш мумкин.
Бу имконият, аввало, давлат молияси учун муҳим. Масалан, йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини фақат шу лойиҳа учун зарур бўлган товарлар ва хизматларга сарфлаш бўйича техник чеклов ўрнатиш мумкин. Маблағлар ҳаракатини бош пудратчидан тортиб якуний ижрочигача назорат қилиш, белгиланган шартларга мос келмайдиган операцияларга йўл қўймаслик имконияти мавжуд.
Иқтисодчи Бауиржан Исқақовнинг фикрича, бундай тўловлар бюджет маблағларини назорат қилишнинг қўшимча механизми бўлиши мумкин.
“Мамлакатимизда нақд пулсиз тўлов инфратузилмаси ҳозирнинг ўзида яхши ривожланган. Шунинг учун рақамли тенгенинг аҳолига берадиган фойдаси шунчаки яна бир тўлов воситаси бўлиш билан чекланмаслиги керак. Унинг афзаллиги ижтимоий тўловларни самарали етказиб бериш, субсидияларни мақсадли йўналтириш, бюджет маблағларининг ҳаракатини назорат қилиш ва тўловларни автоматлаштириш каби имкониятларда намоён бўлиши керак”, — деди молия эксперти.
Қайси соҳаларда қўлланилади?
Рақамли тенгенинг имкониятлари бирданига тўлиқ ҳажмда жорий этилмади. Лойиҳа 2021 йилда ўрганила бошланиб, 2022 йилда иқтисодий ва технологик синовлардан ўтказилди. 2023 йил 15 ноябрда эса реал фойдаланувчилар иштирокидаги илк пилот лойиҳа ишга туширилди. Ўша даврда банк карталари ва тўлов тизимлари билан интеграция, шунингдек, Алматидаги мактабларда бепул овқатланиш учун рақамли ваучер каби лойиҳалар синовдан ўтказилди.
Кейинчалик рақамли тенгедан фойдаланиш доираси кенгайиб, асосий эътибор давлат молиясига қаратилди. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, солиқ маъмурчилиги ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишларида пилот лойиҳалар амалга оширилди. Ҳозирда давлат харидлари, бюджет кредитлари, субсидиялар ва грантларни молиялаштириш каби йўналишларда технология имкониятлари синовдан ўтказилмоқда.
Тизим кўлами ҳам босқичма-босқич кенгайиб бормоқда. Миллий тўлов корпорацияси маълумотларига кўра, лойиҳа бошланганидан буён 336,6 миллиард рақамли тенге чиқарилган ва 265 та рақамли ҳисобварақ очилган. Шу вақт ичида 61 мингдан ортиқ транзакция амалга оширилган.
Жорий йил август ойидан бошлаб рақамли тенгени дори-дармонлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа товарларни давлат харидларида қўллаш режалаштирилган. Шунингдек, қиймати 100 миллион тенгедан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича бюджет харажатларининг айрим турларида рақамли тенгедан мажбурий фойдаланиш кўзда тутилган.
Бироқ технологияни кенг қўллаш учун фақат тизимнинг ўзи етарли эмас. Бюджет маблағларининг ҳаракатини тўлиқ назорат қилиш учун тўлов занжиридаги барча иштирокчилар рақамли тенге билан ишлашга тайёр бўлиши керак. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, айрим субпудратчилар ҳозирча смарт-контрактлардан фойдаланишга тайёр эмас. Шу муносабат билан ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилмоқда.
Мамлакат учун қандай фойдаси бор?
Рақамли тенгенинг келажаги унинг кундалик ҳаётда фуқаролар учун қай даражада қулай бўлишига ҳам боғлиқ.
Мамлакатимизда мобиль банкинг, QR-тўловлар ва тезкор пул ўтказмалари кенг тарқалган. Шунинг учун рақамли тенгенинг аҳоли учун аҳамияти яна бир тўлов воситаси бўлиш билан чекланмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, уни интернетсиз тўловларни амалга ошириш имконияти муҳим аҳамиятга эга.
Миллий банк интернетга уланмасдан тўлов қилиш сценарийларини синовдан ўтказган. Бу функция алоқаси беқарор бўлган чекка аҳоли пунктларида ёки интернет вақтинча ишламай қолган ҳолатларда фойдаланиш учун қулай бўлиши мумкин.
Молиячи, Qazaq Expert Club эксперти Саида Тилеуленованинг таъкидлашича, бу рақамли тенгенинг фуқаролар учун истиқболли имкониятларидан бири ҳисобланади.
“Келажакда интернетсиз тўлов қилиш имконияти рақамли тенгенинг асосий хусусиятларидан бирига айланиши мумкин. Унинг самараси давлат молияси билан чекланиб қолмасдан, кундалик тўловларда ҳам намоён бўлиши эҳтимол”, — деди Саида Тилеуленова.
Хавфсизлик қандай таъминланади?
Рақамли тенге кенг қўлланила бошлагани сари хавфсизлик ва махфийлик масаласи ҳам долзарблашади. Чунки рақамли операциялар нақд пулга нисбатан кўпроқ маълумот қолдиради. Шунинг учун шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тизимнинг муҳим талабларидан биридир.
Миллий банк банк сири тамойиллари қўлланилишини маълум қилди. Бунда давлат маблағлари билан фуқаронинг шахсий маблағларини ажратиш муҳим. Масалан, субсидия ёки бюджет маблағларига муайян шартлар қўйилиши мумкин. Бироқ бу фуқаронинг бошқа маблағларини автоматик равишда чеклашни англатмайди.
Киберхавфсизлик мутахассиси Абилай Исиннинг айтишича, рақамли тенге инфратузилмасида аппарат хавфсизлиги модуллари, захира тизимлари, мустақил тестдан ўтказиш ва антифрод-механизмлар кўзда тутилган. Шунга қарамай, рақамли тизимлардаги хавфларни тўлиқ бартараф этишнинг имкони йўқ, шунинг учун хавфсизлик чораларини мунтазам янгилаб бориш зарур.
“Рақамли тенгеда тўлиқ анонимлик бўлмайди. Шунинг учун технологик имкониятлар ва давлат назорати чегарасини, шунингдек, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талабларини аниқ белгилаш муҳим”, — деди Абилай Исин.
Бу талаблар фақат Қозоғистонга хос эмас. Рақамли валюталарни ишлаб чиқиш дунёнинг юздан ортиқ мамлакатида ўрганилмоқда, синовдан ўтказилмоқда ёки жорий этилмоқда. Хусусан, Хитой рақамли юанни, Багама ороллари Sand Dollar’ни, Нигерия eNaira’ни ривожлантираётган бўлса, Европа Марказий банки, Ҳиндистон, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Сингапур ҳам ўз лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Бироқ мамлакатларнинг рақамли валютани жорий этишдан кўзлаган мақсадлари турлича. Айримлари чакана тўловларга, бошқалари эса давлат молияси ёки трансчегаравий ҳисоб-китобларга устувор аҳамият бермоқда. Демак, барча учун бир хил умумий модель ҳали шакллангани йўқ.
Қозоғистонда ҳозир асосий эътибор давлат маблағларининг ҳаракатини назорат қилиш ва дастурланадиган тўловларни синашга қаратилган. Фуқаролар учун эса рақамли тенгенинг жозибадорлиги унинг кундалик ҳаётда қандай янги имкониятларни амалда тақдим этишига боғлиқ бўлади.
Муаллиф: Молдир Снадин