Пул ювишга қарши рейтинг: Қозоғистон АҚШ, Япония ва Сингапурни ортда қолдирди

Фото: Коллаж: Kazinform

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши мустақил рейтингда 110 та давлатни ортда қолдириб, ўз мавқеини сезиларли даражада яхшилади, деб хабар беради Кazinform ҚР Молиявий мониторинг агентлигига таяниб.

Базель бошқарув институти йиллик «Basel AML Index»ни эълон қилди.

— Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасидаги энг нуфузли манба ҳужжатига кўра, Қозоғистон Республикаси 4,65 балл билан 111-ўринда, — дея хабар беради Молиявий мониторинг агентлиги.

Агентлик шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хавфи (ДЛ/ТМ) 10 балли шкала бўйича баҳоланишини таъкидлади (бу ерда 10 – максимал хавф, 0 – минимал хавф).

2023 йилда Қозоғистон 4,71 балл билан 100-ўринда эди. Шу тариқа мамлакат 2012 йилдан бери эълон қилинаётган рейтинг тарихидаги энг яхши натижасини янгилади.

Охирги 4 йил ичида рейтингда катта сакраш кузатилди – 2020 йилдаги 73-ўриндан бу йил 111-ўринга. Қозоғистон АҚШ, Япония, Сингапур, Хитой, Қатар, Италия, Венгрия, Туркия каби давлатларни ортда қолдирди.

Хавф даражаси энг паст бўлган ТОП 5 давлатига Сан-Марино, Исландия, Финляндия, Эстония, Андорра ва Швеция киради.

2024 йилда Индекс (оммавий версиянинг бир қисми сифатида) 164 мамлакатни баҳолади ва ДЛ/ТМ рискларининг юқорилигига ҳисса қўшадиган турли омилларни ўлчайдиган 5 йўналишдаги 17 кўрсаткичга асосланди.

Пул ювишга қарши Базель индекси 2012 йилдан бери нашр этиб келинмоқда ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов дастури ҳомийлигида ишлайди.

Тадқиқот натижалари халқаро, давлат, молия ва тижорат институтлари томонидан мамлакат рискларини баҳолаш учун мустақил қиёсий таҳлил воситаси сифатида фойдаланилади.