Президент Вьетнам Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котибини қутлади

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби То Лам давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби То Ламни пойтахт аэропортида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олди.

Фото: Ақорда
Фото: Ақорда
Фото: Ақорда

Пойтахт аэропортида Қозоғистон ва Вьетнам раҳбарлари қисқача суҳбатлашди.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади.

Фото: Ақорда

“Ҳурматли жаноб То Лам, мамлакатимиз пойтахтига хуш келибсиз! Ташрифингиз катта тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Қозоғистон билан Вьетнам ўртасидаги ҳамкорликни кенг ривожлантиришга янги суръат бағишлайди, деб ўйлайман. Юртингизга сафаримдан катта таассуротлар билан қайтдим. Вьетнам билан турли соҳаларда алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш устида ишлашни давом эттириш зарур, деган хулосага келдим. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти катта”, – деди Тоқаев.

Ўз навбатида, Вьетнам Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби То Лам Қозоғистон ва Вьетнамни чуқур дўстона муносабатлар боғлаб туришини таъкидлади.

“Ҳурматли жаноб Президент, Сизга ва Қозоғистон халқига самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Самолёт трапидан кутиб олганингиз – биз учун катта шарафдир. Бу бизга кўрсатилаётган юксак меҳмондўстлик ва ҳурмат белгисидир. Қозоғистон ва Вьетнамни чуқур илдиз отган дўстона муносабатлар боғлаб туради”, — деди То Лам.

Фото: Ақорда

Ташриф давомида кичик ва кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб борилади. Шунингдек, бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.