Президент Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосарини қабул қилди
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосарини қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Ҳукумати раисиинг биринчи ўринбосари Денис Мантуровни қабул қилди.
Учрашувда Қозоғистон Президентининг Москвага давлат ташрифи доирасида кўриб чиқиладиган кўп қиррали ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаев бўлажак ташрифга алоҳида эътибор қаратди ва музокаралар муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирди.
Давлат раҳбари икки мамлакат ҳукуматларининг фаол ва мувофиқлаштирилган иши туфайли Россия Қозоғистоннинг етакчи савдо-иқтисодий шерикларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев Президент Владимир Путин билан яқин келажакда икки томонлама савдо айланмаси ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилганини эслатди.
Президент Россия Федерацияси Қозоғистон иқтисодиётига етакчи инвесторлардан бири эканлигига эътибор қаратди. Ўтган йили инвестицияларнинг умумий ҳажми 4 миллиард долларга етди.
Давлат раҳбари мамлакатда кўплаб Россия компаниялари муваффақиятли фаолият юритаётганини таъкидлади. Бу икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончнинг юқори даражасидан далолат беради.
Денис Мантуров Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирди ва Россия томонининг икки томонлама алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари томонлар қўшма лойиҳаларни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор қўйганини таъкидлади ва уларнинг муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдирди.