Президент Олий аудитор палатаси раиси Алихан Смаиловни қабул қилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform - Қасим-Жомарт Тоқаевга жорий йилнинг биринчи ярмида  20 трлн тенгени қамраб олган 12 та давлат аудити олиб борилгани маълум қилинди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 баробар кўпдир, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Алихан Смаиловнинг сўзларига кўра, аудитлар ўрта таълим, фармацевтика таъминоти, рақамли ривожланиш, электр энергияси, юқори натижаларга эришган спорт турларини молиялаштириш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.

Ҳукумат ва текширилаётган субъектларга 60 дан ортиқ тавсия ва 450 банддан иборат хулосалар берилди. 20 та факт бўйича иш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Президентга Олий аудитор палатаси таклифи билан ишлаб чиқилган қонунчилик ташаббуслари ҳақида батафсил ахборот берилди. Масалан, эндиликда Олий аудитор палатаси бюджетдан ташқари маблағларни текшириш ваколатига эга.

Давлат раҳбарининг топшириқларини бажариш мақсадида Миллий жамғарма маблағларини мониторинг қилиш комиссияси фаолияти қайта ташкил этилди. Бу Жамғарма маблағларидан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш ва шаффофликни ошириш имконини беради.

Бундан ташқари, иссиқлик таъминоти корхоналари ва уларнинг етакчи раҳбарларининг иситиш мавсумига тайёргарлик кўришдаги эътиборсизлиги учун масъулиятини кучайтириш, барча бозор субъектлари учун товар газининг чакана нархлари устидан давлат назоратини кенгайтириш каби муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Қасим-Жомарт Тоқаев давлат аудити тизимини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича топшириқ берди. Шу билан бирга, унинг самарадорлиги ва шаффофлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Президент давлат маблағлари сарфланишини назорат қилиш учун замонавий рақамли технологияларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у ортиқча харажатларни камайтириш ва миллий ресурслардан максимал даражада фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.