Президент Олимпиадада иштирок этадиган Қозоғистон терма жамоаси аъзоларига Давлат байроғини топширди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform - Президент ХХХІІІ ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Қозоғистон терма жамоаси аъзоларига Давлат байроғини топширди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Қасим-Жомарт Тоқаев миллий терма жамоа спортчилари билан учрашувда бутун дунё Парижда старт оладиган қизиқарли мусобақани интиқлик билан кутаётгани ва уни бутун дунё томоша қилишини айтди. Шу билан бирга, энг зўрлар баҳслашадиган мусобақага энг кучли спортчилар бораётганини таъкидлаб, юрт шарафини ҳимоя қилиш муқаддас бурч эканини қайд этди.

Фото: Ақорда

 

- Сизлардан умидларимиз катта. Барча халқимиз сизларнинг мухлисларингиз. Умуман олганда, қозоқ спорт мактабининг мақоми ҳамиша юқори. Спортчиларимиз ҳамиша ватанга совринлар билан қайтишади. Бу шонли йўлни шараф билан давом эттиришларингизга ишонаман. Аслида сизларнинг ғалабаларингиз бутун Қозоғистоннинг ғалабаси бўлади. Кўк байроғимиз ҳилпираб турса, миллатимизнинг руҳи кўтарилади, - деди Давлат раҳбари.

Президент спортчилар учун барча шарт-шароит яратилганини алоҳида таъкидлади.

Фото: Ақорда

 

– Аҳоли пунктларида махсус майдонлар қурилмоқда. Ўтган йили 70 га яқин спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Жорий йилда яна 200 га яқин объект қурилади. Барчангизга маълумки, Миллий олимпия қўмитасида ўзгаришлар бўлди. Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича штаб ташкил этилди. Биз тажрибали мутахассисларни таклиф қилдик. Таниқли спортчи Геннадий Головкин келди. Ҳар бир соҳада ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлиши керак. Шундагина натижалар бўлади. Биз спортчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатадиган давлатмиз, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти спорт тарихида ўчмас из қолдирган спортчиларнинг меҳнати доимо юксак қадрланишини таъкидлади.

– Балуан Шолақ, Қажимуқан Мунайтпасов, Жақсилиқ Ушкемпиров, Александр Винокуров, Бекзат Саттарханов, Ольга Рипакова номидаги спорт иншоотлари бунинг ёрқин ифодасидир. Сизлар ҳам юқори натижаларга эриша оласизлар. Мен бунга тўлиқ ишонаман. Бугунги ёшлар сизлардан ибрат олади. Бу катта шараф, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари мамлакат тинчлик ва ҳамкорлик сиёсатига доимо содиқ эканига эътибор қаратди.

Фото: Ақорда

 

– Ўтган ҳафта Астанада ШҲТ саммити муваффақиятли ташкил этилди. Ушбу муҳим тадбирдан кўзланган асосий мақсад давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот, дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашдан иборат эди. Бундай устуворликлар бутун спорт оламига хосдир. Чунки ҳар қандай спорт мусобақаси, энг аввало, одамларнинг ҳамжиҳатлиги, тараққиёти ва бирдамлигини кўрсатади. Олимпия ўйинларининг қадриятлари оддий спорт ютуқларидан бўлакчадир. Бу ҳам алоҳида спортчилар, ҳам бутун давлатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ўзаро ҳурмати ва ҳалол рақобатининг ёрқин тимсоли, - деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев спортчилар зиммасига юрт шарафини ҳимоя қилишдек масъулиятли миссия юкланганини айтиб, уларга муваффақиятлар тилади.

Фото: Ақорда

 

- Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун барчангиз кўп меҳнат қилдингизлар. Ишончим комилки, сизлар ўз маҳоратингизни кўрсатасиз ва яхши натижаларга эришасизлар. Сизларни бутун Қозоғистон халқи қўллаб-қувватлайди. Албатта, чемпион бўлиш осон эмас. Шундай экан, сизларлар ғолиб бўлишингизга ишонаман, – деди Давлат раҳбари.

Президент терма жамоа сардори Асланбек Шимбергеновга Қозоғистон Республикаси Давлат байроғини топширди.

Учрашувда Қозоғистон терма жамоасининг асосий қисми Алмати вилоятидаги “Ақбулақ” олимпия марказидан телекўприк орқали иштирок этди. У ерда спортчилар Париж Олимпиадаси олдидан сўнгги машғулотларини ўтказмоқда.

Фото: Ақорда

 

Тадбирда бокс бўйича жаҳон чемпиони Асланбек Шимбергенов, енгил атлетика бўйича Осиё ўйинлари совриндори Ольга Сафронова, дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари совриндори Елдос Сметов сўзга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қозоғистонлик спортчилар Олимпия ўйинларида иштирок этадиган спорт турлари ҳақида ёзган эдик.

Шунингдек, мамлакатнинг қайси ҳудуди спортчилари Олимпия ўйинларига энг кўп йўлланмани қўлга киритгани маълум бўлди.