Президент номига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик телеграммалари келмоқда

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев номига Қурбон ҳайити муносабати билан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик мактублари ва телеграммалар келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев табригида икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва муштарак ҳаракатлари туфайли халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ҳамкорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Шунингдек, у Қасим-Жомарт Тоқаевга масъулиятли давлат хизматида муваффақиятлар ва Қозоғистон халқига фаровонлик тилади.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров инсониятни меҳр-оқибатга чорловчи ушбу қутлуғ кунда дўст Қозоғистон халқининг барча орзу-ниятлари рўёбга чиқишини тилайди.

- Икки давлат ўртасидаги яқин ва дўстона муносабатлар келажакда ҳам қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида мустаҳкамланиб боришига ишонаман, — дейилади телеграммада.

Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон Қасим-Жомарт Тоқаевга соғлик, улкан бахт, юксак масъулиятли лавозимида муваффақиятлар, Қозоғистон халқига тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик тилади.

– Қардош халқларимизни умумий маданий-маънавий қадриятлардан келиб чиққан мустаҳкам дўстона муносабатлар ва ўзаро тилаклар, жумладан, бутун мусулмон жамоатчилиги учун муқаддас саналган Қурбон ҳайити бирлаштириб туради, – деб ёзади Эмомали Раҳмон.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ўз табригида тарихий илдизлари минг йилларга бориб тақаладиган, инсониятнинг маънавий қадриятларини очиб берадиган муқаддас байрам мусулмон аҳлининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва эътиқодини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси, Иордания Қироли Абдулла II, Марокаш Қироли Муҳаммад VI, Қувайт Амири Шайх Мишал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Уммон Султони Ҳайсам бин Тариқ, Баҳрайн Қироли Ҳамад бин Исо ал-Халифа, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, БАА вице-президенти, Бош вазир, Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мақтум, БАА вице-президенти, Бош вазир ўринбосари Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозирий, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳиссин Браҳим Тоҳа ва бошқа кўплаб шахслар ўзларининг эзгу тилакларини йўлладилар.

Қозоғистон Президенти номига табрик мактублари ва телеграммалари келишда давом этмоқда.