Президент “Марказий Осиё – Хитой” ОАВ форумига табрик йўллади
ASTANА. Кazinform — Пойтахтдаги Президент марказида “Марказий Осиё – Хитой” ҳамкорлик ва тараққиёт форуми, шунингдек, “Ипак йўли” III халқаро коммуникация конференцияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Форум Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг табрик сўзи билан очилди. Табрик мактубини Президент ёрдамчиси Арман Қириқбаев ўқиб эшиттирди.
− Сизларни Хитой Халқ Республикаси Раиси жаноб Си Цзиньпиннинг Қозоғистонга ташрифи ва “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити муносабати билан ўтказилган анжуманларнинг бошланиши билан табриклайман! Бундай тадбирлар Қозоғистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасида гуманитар мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда маданий интеграцияни кучайтиришга хизмат қилади. Тотувлик, дўстлик, ҳар томонлама стратегик шериклик тамойилларига асосланган Қозоғистон-Хитой муносабатлари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Бу йил “Қозоғистонда Хитой туризми йили” деб эълон қилинди. Шу доирасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар ташкил этилмоқда. Ўйлайманки, бугунги учрашувда мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари ўртасидаги алоқаларни янада яхшилаш имконини берадиган муҳим таклифлар, чуқур мулоҳазалар билдирилади. Барчангизга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилайман! Ишларингиз муваффақиятли бўлсин!, – дейилади Президент табригида.
Таъкидлаш жоизки, форум “Хитой ва Марказий Осиё ўртасида ҳамкорликнинг янги даврини яратиш учун ОАВ интеграцияси” мавзусида ўтказилмоқда.
Тадбир Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Президентининг Телерадиокомплекси ҳамкорлигида ташкил этилди. Форумда 6 та давлатдан медиа соҳасида фаолият юритувчи 140 га яқин вакил иштирок этмоқда.
Учрашувда минтақавий ахборот алмашинувини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни пойтахтимиздаги Мустақиллик саройида II “Марказий Осиё – Хитой” саммити бўлиб ўтди.
Саммитда Астана декларацияси имзоланди.
Бундан ташқари, Хитой Марказий Осиёнинг бешта давлатига 1,5 миллиард юань миқдорида беғараз ёрдам беради.
Кейинги саммит икки йилдан сўнг Пекинда бўлиб ўтади.