Президент: Қозоғистон ва Иордания агробизнес соҳасида катта салоҳиятга эга
ASTANА. Kazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Подшоҳ Абдулла II Қозоғистон-Иордания бизнес-форумида иштирок этди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Подшоҳ Абдулла II ни Астанада кутиб олишни катта шараф деб билишини айтди.
– Жаноби Олийлари, бутун дунё Сизни ва турмуш ўртоғингиз Қиролича Ранияни донишманд, билимдон, зукко инсон сифатида тан олади. Бизнинг замонамизда Сиз ва турмуш ўртоғингиздек раҳбарлар кам, – деди Давлат раҳбари.
Президент Қозоғистон ва Иордания ўртасидаги шерикликни ривожлантириш йўлидаги доимий қўллаб-қувватлагани учун Подшоҳга миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у бизнес-форум ишидаги иштироки учун ишбилармон доиралар вакилларига миннатдорчилик билдирди.
– Подшоҳ Абдулла II нинг расмий ташрифи доирасида ўтказилаётган ушбу форум истиқболли ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қозоғистон-Иордания ҳукуматлараро комиссияси икки томонлама муносабатларни кенгайтириш учун муҳим институционал асос бўлиши шубҳасиз. Бугун Подшоҳ Абдулла Жаноби Олийлари билан мазмунли учрашув ўтказдик. Суҳбат давомида биз яқин йилларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қарор қилдик, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистон иқтисодиёти минтақадаги энг йирик иқтисодиёт бўлиб қолади.
– Жорий йилнинг етти ойида иқтисодиётимиз барқарор ривожаниб, 6,3 фоизга ўсди. Бунга саноат, савдо ва транспорт соҳаларида эришилган юқори кўрсаткичлар сабаб бўлди. Биз кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш орқали бу суръатни сақлаб қолиш ниятидамиз. Шу боис ҳамкорлигимиз кўплаб тармоқлар равнақига хизмат қилишига ишончимиз комил, – деди Президент.
Давлат раҳбари айни пайтда Қозоғистон орқали ўн иккита халқаро транспорт йўлаги, яъни бешта темир йўл ва еттита автомобиль йўли ўтаётгани мамлакатнинг Евроосиёдаги стратегик логистика маркази мавқеини мустаҳкамлашини таъкидлади.
– Биз йирик халқаро йўналишларни, жумладан, Ўрта коридор ва “Шимол-Жануб” йўналишларини фаол ривожлантирмоқдамиз. Каспий денгизи орқали юк ташишда Ақтау ва Қуриқ портлари муҳим ўрин тутади. Ўтган йили Қуриқ портида ғалла терминалини ишга туширган эдик. У йилига 1 миллион тоннагача юкни ўтказа олади. Бундан ташқари, биз Ақтау шаҳрида йилига 240 минг контейнер ўтказиш қувватига эга бўлган хаб қурдик. Бу борада биз Ақаба портининг стратегик салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга тайёрмиз, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент мамлакатда атом энергетикаси миллий иқтисодиёт учун стратегик муҳим ва барқарор энергия манбаи сифатида қаралаётганини таъкидлади.
– Қозоғистон уран қазиб олувчи етакчи давлатлардан биридир. Мамлакатимиз жаҳон бозорининг қарийб 40 фоиз улушига эга. “Қазатомсаноат” ва JUMCO ўртасида Иорданиядаги уран лойиҳалари бўйича келишув иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим воқеа бўлди, – деди Давлат раҳбари.
Давлат раҳбари Қозоғистон ва Иорданиянинг агробизнес соҳасидаги улкан салоҳиятига эътибор қаратди.
– Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти аъзолари сифатида бизни мамлакатларимиз ва бутун мусулмон олами учун ягона мақсад бирлаштиради. Бу барқарор ва адолатли озиқ-овқат экотизимини шакллантиришни ўз ичига олади. Қозоғистон экин майдонлари бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллайди, шунингдек, дунёдаги энг йирик ғалла экспорт қилувчи ўнталикка киради. Ҳар йили жаҳон бозорига саккиз миллион тоннадан ортиқ буғдой, икки миллион тоннага яқин ун етказиб беряпмиз. Мамлакатимиз Иорданияни сифатли, органик, ҳалол ва экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлай олади. Иорданиянинг Aljazeera Agricultural компаниясининг мамлакатимизда паррандачилик фермаси қуриш ташаббусини олқишлаймиз. Ушбу лойиҳа икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги аниқ қадам бўлади, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Иордания дунёдаги етакчи тиббиёт марказларидан бири бўлиб, фармацевтика саноати юқори даражада ривожланган.
– Иордания фармацевтика маҳсулотларини дунёнинг 85 давлатига экспорт қилади. Шу боис бу Қозоғистон-Иордания иқтисодий ҳамкорлигининг асосий тармоқларидан биридир. Қозоғистон ҳам ўз салоҳиятини ривожлантириб, дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришда салмоқли муваффақиятларга эришди. Бу борада биз QazBioPharm компаниясининг Иорданиянинг DADvet компанияси билан ҳамкорликда вакциналарни Яқин Шарқ мамлакатлари ва минтақамизга ўзаро экспорт қилишга қаратилган режасини қўллаб-қувватлаймиз, – деди Давлат раҳбари.