Президент киберхавфсизлик масалаларини кўтарди
ASTANА. Кazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда киберхавфсизлик масалаларини кўтарди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Унинг фикрича, бу ишда кибертаҳдидларни эрта аниқлаш ва ШҲТ мамлакатлари ахборот инфратузилмаси барқарор ишлашини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
- Афғонистондаги вазият жиддий эътиборни талаб қилади. Гуманитар инқирознинг олдини олиш ва бу мамлакатда узоқ муддатли барқарорлик учун шарт-шароит яратиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш зарур. Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини яратиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Биз иқлим ўзгариши масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Агар биз шошилинч равишда профилактика чораларини кўрмасак, бу муаммо сайёрамиздаги глобал табиий офатларни янада кучайтириши мумкин. Иқлим ўзгарувчанлиги дунёдаги асосий муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Шу муносабат билан ШҲТ табиий офатларга қарши кураш усулларини янгилаши керак. Жорий йилнинг баҳорида мамлакатимиз иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини яққол ҳис қилди. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатларингизга Қозоғистондаги ҳалокатли сув тошқинлари даврида кўрсатган ҳамкорлик ва ёрдам учун самимий миннатдорлик билдирмоқчиман. Биз бу кўмакни юксак қадрлаймиз, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари ШҲТнинг бўлажак Астана саммити “Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш – барқарор тинчлик ва тараққиётга интилиш” мавзуси остида ўтказилишини айтди.
– Шанхай ташкилотининг асосий мақсадларидан бири минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашдан иборат. Буни айтиб ўтилган кун тартиби аниқ кўрсатиб турибди. Бу борада Ташқи ишлар вазирлари кенгашига катта умидлар билдирилмоқда. Ишончим комилки, фаолиятингиз натижалари Астана шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишини муваффақиятли ўтказишга хизмат қилади, — деди Қозоғистон Президенти.