Президент: Давлатга хизмат қилиш энг шарафли ва масъулиятли бурчдир

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳуқуқ-тартибот идораларининг кенгайтирилган йиғилишида нутқ сўзлади.

“Бугун мамлакатимизда полиция куни ва давлат хизматчилари куни нишонланмоқда. Шу боис, аввало, мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари ва давлат хизматчиларини касб байрамлари билан табриклайман.

Давлатга хизмат қилиш энг шарафли ва масъулиятли бурчдир. Ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшаяпсиз.

Ҳозирда дунё нотинч, ноаниқ ва жуда қийин даврни бошдан кечирмоқда. Ана шундай нотинч даврда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонун ҳужжатлари ижросини қатъий таъминлаш ниҳоятда муҳим вазифадир.

Шунинг учун ҳам бугун биз биринчи марта бундай таркибда йиғиляпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги барча масъул тузилмалар ҳамкорликда иш олиб бориши керак”, – деди ҚР Президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, мамлакатда “Қонун ва қонунчилик”га қатъий риоя этилишида жамоатчилик вакилларининг ҳам ҳиссаси катта.

“Айни пайтда мазкур йиғилишда марказий ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари, депутатлар, экспертлар, фаол фуқаролар иштирок этмоқда.

Ички ишлар органлари фаолиятини модернизация қилишда янги авлоднинг ўрни алоҳида. Шу боис бугунги йиғилишга академия курсантлари ҳам махсус таклиф этилган.

Трансмиллий жиноий гуруҳларга қарши курашда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш жуда муҳим. Хорижий полиция атташелари бугун шу ерда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари билан олиб бораётган халқаро ҳамкорлик ишлари учун алоҳида миннатдорлик билдираман”, – деди Давлат раҳбари.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Давлатнинг сиёсий тизими ва иқтисодий тузилиши тубдан модернизация қилинмоқда. Мамлакатда юксак ҳуқуқий маданият шаклланмоқда. Фуқаролик масъулияти мафкураси илдиз ота бошлади. Бу мамлакатнинг стратегик йўналишига хос бўлган жуда муҳим устувор йўналишдир.

“Давлатимиз томонидан ҳуқуқ-тартибот тизимини такомиллаштириш, барча соҳаларда ҳуқуқ-тартиботни қарор топтиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу борада аниқ натижаларга эришдик.

2019 йилдан бери жиноий ҳуқуқбузарликлар сони қарийб ярмига камайди. Улар орасида талончилик, ўғирлик ва безорилик 4 баробарга, қотиллик билан боғлиқ жиноятлар 30 фоизга камайди. Жамоат жойларида содир этилган жиноятлар сони 80 фоизга камайди. Демак, фуқароларимиз кўчада қўрқув ва хавотирсиз юришлари мумкин”, – деди Президент.