Польшада ўрта аср рицари қабри топилди
ASTANA. Kazinform – Польшалик археологлар Гданьск шаҳри марказида ўта нодир топилмага дуч келди. Маҳаллий аҳоли топилган жасадни дарҳол “гданьсклик Ланселот” деб атай бошлади, деб хабар берди Euronews.
Ўрта асрларга оид қабр Сукенница ва Гродзка кўчалари кесишмасида, 2023 йилдан бери олиб борилаётган археологик қазишмалар вақтида топилган.
2025 йил июль ойида ArcheoScan жамоаси XIII асрга тегишли, рицарь тасвирланган қабртошни аниқлади. Икки кун ўтиб, айнан шу қабртош остида яхши сақланган рицарьнинг суяклари чиқди.
Тахминларга кўра, рицарь 40 ёш атрофида бўлган. Унинг бўйи тахминан 168-178 см – ўша давр учун бу жуда баланд бўй ҳисобланади. Қабртош Готланд оролининг қимматбаҳо оҳактошларидан ясалган. Ташқи қисмида зирҳ, қилич ва қалқон тақиб турган рицарь тасвирланган. Археологларнинг таъкидлашича, бу инсон оддий одам бўлмаган.
Тарихий маълумотларга кўра, XIII асрда Гданьск (ўшандаги номи Данциг) Тевтон ордени ҳукмронлигида бўлган. Бироқ айрим олимлар бу рицарь XI-XII асрларда ҳукмронлик қилган Собеславлар сулоласи вакили бўлиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Қазишмалар пайтида 1140 йилга тегишли ёғоч черков, ўрта асрларга оид кўча парчалари ва 1335-1341 йилларда қурилган тевтонларга тегишли қаср қолдиқлари ҳам топилди. Бу қаср 1454 йилда маҳаллий аҳоли томонидан вайрон қилинган.
Археологлар топилган суякни янада чуқур ўрганиб, рицарьнинг келиб чиқиши ва ҳаёт йўлини аниқлашга уринишмоқда.