Польша ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини кўпайтирмоқчи
Учрашувда Польша меҳнат бозорига соддалаштирилган тартибда киришни таъминлаш масаласини илгари суриш бўйича кейинги режалар муҳокама қилинди. Икки мамлакат ваколатли органлари ўртасида янада самарали ҳамкорлик қилиш бўйича узоқ муддатли режалар ҳам белгиланлиги таъкидланмоқда.
Ўзбекистон элчиси польшалик ҳамкорларни Ўзбекистондаги меҳнат бозори, шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги вазият билан яқиндан таништирди.
Польша Ўзбекистондан меҳнат миграцияси учун истиқболли манзил экани, айни пайтда Европанинг ушбу мамлакатида 20 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилаётгани таъкидланди.
Сенатор Казимир Клейно Ўзбекистон фуқаролари учун Польша меҳнат бозорини очиш қарори ҳар икки томон учун фойдали эканини қайд этди. Чунки Польшада меҳнат мигрантларига катта эҳтиёж мавжуд.
Польша вакили жорий йил июнь ойида «Польша –Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳи ушбу масалани Польша Сенатига муҳокама учун тақдим этишни режалаштираётганини маълум қилар экан, режа бу йўналишдаги кейинги қўшма ҳаракатларга туртки беришини айтди.
Таъкидланганидек, Сенат ушбу ташаббус қўллаб-қувватланишини таъминлайди ва бу миграция тўғрисидаги янги қонун қабул қилиниши ва унинг муҳокамаси арафасида, айниқса, муҳим аҳамиятга эга.
Қишлоқ хўжалиги ва қурилиш саноати ишчи кучига катта эҳтиёж сезаётгани ва бу бўшлиқни Ўзбекистондан келган мигрантлар билан тўлдириш меҳнат рентабеллигини, шунингдек, Польша иқтисодиётининг ўсишини сезиларли даражада ошириши қайд этилди.