Педагог мақоми: қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
ASTANА. Кazinform — Қозоғистонда ўқитувчилар мақомини кўтариш ва уларнинг касбий салоҳиятини тўлиқ очиб бериш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлиги Таълим сифатини таъминлаш қўмитаси раиси Серик Аширов маълум қилди.
Унга кўра, бугунги кунда мамлакатдаги 22 мингдан ортиқ таълим ташкилотида меҳнат қилаётган 600 минг нафарга яқин ўқитувчининг ўрни жамиятда аниқ белгилаб берилган ва давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланмоқда.
Педагог мақоми: Давлат ўқитувчиларга қандай ёрдам кўрсатади?
2019 йилда “Педагоглар мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мақомини кўтариш, уларнинг ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган. Қонун доирасида ўқитувчиларни касбий бурчларига халақит берадиган ҳаддан ташқари юкламалардан ҳимоя қилиш, уларнинг фақат ўқув жараёнига эътибор қаратиши учун шарт-шароит яратиш педагогларнинг касбий салоҳиятини тўлиқ очиб бериш имконини берди.
— Айтиш жоизки, қонун қабул қилинганидан буён таълим соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлди. Улар орасида ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳволини яхшилашга асосий эътибор қаратилмоқда. Сўнгги тўрт йил ичида уларнинг маоши икки баравар ошди. Айни пайтда 500 мингдан ортиқ ўқитувчига қўшимча маош тўланади. “Таълимдаги ўзгаришларнинг минг етакчиси” лойиҳаси йўлга қўйилиб, ушбу лойиҳада иштирок этган 400 дан ортиқ ўқитувчилар мактаб директори этиб тайинланди. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўзида малака ошириш курслари кўлами икки баробарга, янги рақамли сертификатлаштириш тизими ўқитувчиларнинг сифат таркибини 72 фоизга етказди. Қозоғистон ўқитувчилар меҳнатини юксак қадрлайдиган ва уларни рағбатлантиришга устувор аҳамият берадиган давлатлардан бири ҳисобланади, — деди Серик Аширов.
Педагоглар меҳнатини баҳолаш ва рағбатлантириш мақсадида “Қозоғистон Республикасининг Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ўқитувчиларнинг улкан ютуқлари ва беқиёс хизматлари учун давлат мукофотлари, жумладан, “Қозоғистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвони қайта тикланди, 79 нафар ўқитувчининг ҳалол меҳнати муносиб баҳоланди. “Қозоғистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвонига сазовор бўлган ўқитувчига БҲМнинг 1000 баравари миқдорида бир марталик тўлов тўланади.
“Энг яхши ўқитувчи” унвони соҳибига Қозоғистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган миқдорда ва тартибда мукофот тўланади, мукофот миқдори БҲМнинг 1000 баравари миқдорида белгиланади. Бугунги кунда мамлакатда 700 дан ортиқ ўқитувчи ушбу номга сазовор бўлган.
Қозоғистон таълим тизимида олий мукофотга сазовор бўлган 5 нафар “Меҳнат Қаҳрамони” ўз меҳнатлари билан педагоглар жамоатчилиги орасида катта ўрнак бўлмоқда. Алматилик ўқитувчи Аягул Миразова, чимкентлик ўқитувчи Алина Соловьёва, семейлик ўқитувчи Алма Шукежанова каби “Меҳнат Қаҳрамонлари” сафига 2024 йилда Гулжанар Нурпеисова ва Эльмара Траисовалар қўшилди.
2023 йилдан бошлаб халқаро олимпиадалар, танловлар ва спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган ўқитувчиларга уч марталик лавозим маоши миқдорида бир марталик устама тўланади.
Ўқитувчиларга ўз вазифаларидан ташқари мажбуриятларни юклашга йўл қўйилмайди
Бу йилги Республика август конференциясида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратди.
— Ўқитувчи давлат аҳамиятига эга ишларни бажаради. Мамлакат келажаги ўқитувчига боғлиқ, демак, ўқитувчининг жамиятдаги мавқеи ҳамма нарсадан устун бўлиши керак, – деди Президент ўз нутқида.
Хусусан, мактабдан ташқарида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар учун ўқитувчиларни жавобгарликка тортмасликни эслатди. Бу ўқитувчининг касбий обрўсини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадамдир.
Таълим сифатини таъминлаш қўмитаси раисининг сўзларига кўра, ўқитувчиларга ўз касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида товар ва хизматлар харид қилиш мажбуриятини юклаш, уларни нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини ўтказишга жалб қилиш тарзидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилмайди. Ушбу ҳаракат "огоҳлантириш" шаклида маъмурий жазога тортилади. Агар 1 йил ичида такрорланса, мансабдор шахслар 20, кичик тадбиркорлик субъектлари, нотижорат ташкилотлари – 60, ўрта тадбиркорлик субъектлари – 80, йирик тадбиркорлик субъектлари – 120 БҲМ миқдорида жаримага тортилади.
Бундан ташқари, Қозоғистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 409-моддасида ўқитувчига ҳурматсизлик кўрсатган шахслар учун жавобгарлик белгиланган.
Ўқитувчи шаънига, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқлари орқали туҳмат қилганлик учун жисмоний шахслар 30 БҲМ миқдорида жаримага тортилади.
— 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган вояга етмаганлар томонидан содир этилган номақбул хатти-ҳаракатлар учун уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс 20 БҲМ миқдорида жаримага тортилади. Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган ҳаракатлар учун жисмоний шахс 40 БҲМ миқдорида жарима ёки 5 суткагача маъмурий қамоқ, ота-онага ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга эса 30 БҲМ миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Таълим сифатини таъминлаш қўмитасига “Педагоглар мақоми тўғрисида”ги қонун ижросини назорат қилиш орқали педагоглар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган. Натижада қонун кучга кирганидан буён ҳуқуқбузарликлар сони 2020 йилга нисбатан 3 баробар камайди, — деди қўмита раиси.
Ўқитувчиларни ҳимоя қилиш — муҳим вазифа
Серик Аширов таъкидлаганидек, Таълим сифатини таъминлаш қўмитаси педагогик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини ҳам назорат қилади. Бу нормалар қонунийлик, ҳалоллик, масъулият ва шахсга ҳурмат тамойилларига асосланади.
— Ўқитувчининг асосий вазифалари сифатли таълим ва тарбия бериш, бола ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, педагогик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, касбий малакасини доимий равишда ошириш ва болалар хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Таълим соҳасида эса қонун ва тартибни сақлаш ҳамма учун умумий ва мажбурий талабдир. Бинобарин, вилоят таълим бошқармалари ва ҳудудий таълим сифатини таъминлаш бўлимлари ҳуқуқий нормаларни тушунтириш билан чекланиб қолмай, уларнинг амалда бажарилишини таъминлаши керак, — деди у.
Ҳудудий миқёсда юзага келадиган бундай масалалар бўйича ўқитувчилар тегишли ҳудудий бошқармалар ва таълим бўлимларига бевосита мурожаат қилишлари мумкин. Ҳудудий бошқармалар ва таълим бўлимлари раҳбарларининг алоқа маълумотлари ҚР Таълим вазирлиги ва Қўмитанинг расмий веб-сайтида ҳамда уларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида очиқ эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 200 мингдан ортиқ ўқитувчи сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича бепул курслардан ўтгани ҳақида ёзган эдик.