Париж Олимпиадасига тайёргарлик қандай кетмоқда

Фото: Фото: ҚР Спорт қўмитаси

ASTANA. Kazinform – Олимпиадага тайёргарлик кўриш бўйича қозоғистонлик Штаб ўз ишини давом эттирмоқда. Миллий терма жамоа спортчиларининг Канвон (Корея) шаҳрида бўлиб ўтган қишки ўсмирлар Олимпиадасида муваффақиятли иштирок этганидан сўнг, Штаб Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни бошлади.

Қозоғистон Республикаси Спорт қўмитаси хабарига кўра, XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Тўрт йиллик асосий мусобақада дунёнинг 205 давлатидан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этиши режалаштирилган. Париждаги мусобақада 32 спорт туридан 329 та медаллар жамланмаси баҳоланади.

Ҳозирда Қозоғистон терма жамоаси Париж Олимпиадасининг 19 та лицензиясига эга (8 спорт туридан) (камондан отиш - 4, шоссе велоспорт - 3, нишондан отиш - 5, замонавий бешкураш - 2, бокс - 2, юнон-рум кураши - 1, эркин кураш – 1, спорт гимнастикаси – 1). Олимпиадагача бериладиган ҳали 69 та лицензия бор. У 5 та жаҳон чемпионати, 7 та Осиё чемпионати ва 57 та рейтинг турнирини ўз ичига олади.

“Бу йилги асосий спорт воқеаси Париждаги ёзги Олимпия ўйинлари бўлади. Штабнинг истиқболдаги мақсади спортчиларнинг халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиши ва имкон қадар кўпроқ лицензия олиши учун шароит яратишдан иборат. Жамоа сардорлари ҳар бир спорт турининг ўзига хослигини, спортчининг эҳтиёжларини, тиббий ва биологик ёрдамни, шу жумладан жисмоний даволаш, реабилитация ва жароҳатларнинг олдини олиш, психологик ёрдам ва мусобақага тайёргарлик жараёнида стрессни енгиш кабиларни ҳисобга олган ҳолда индивидуал режа асосида тайёрланади. Шу билан бирга, Штабда спортчилар ва делегация аъзоларини ҳамма керакли нарласалар билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, – дейди Олимпиадага тайёргарлик Штаб раҳбари Елсияр Қанағатов.

Штаб Давлат раҳбарининг Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари ҳамкорликда иш олиб бориши лозимлиги ҳақидаги топшириғини бажариш мақсадида ташкил этилган ваколатли орган ҳисобланади. Штабнинг асосий вазифаси спортчиларни бўлажак мусобақаларга сифатли тайёрлашдан иборат. Штаб барча кенг қамровли мусобақалар якунланмагунча доимий асосда ишлайди.