Пандемия пайтида очликдан азият чекаётганлар сони кўпайди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – БМТнинг бир қатор агентликларига кўра, 2019 йилда дунё бўйлаб 690 миллион киши очликдан азият чеккан. Коронавирус пандемияси вазиятни янада оғирлаштирмоқда, деб хабар беради Kazinform dw.com нашрига асосланиб.

Дунёда очликдан азият чекаётганлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда душанба куни БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан тайёрланган ҳисоботда айтилган.

Ҳужжатда айтилишича, 2019 йилда ер юзидаги 690 миллион киши очликдан аъзият чеккан. Бу ўтган йилга нисбатан 10 миллион кишига, беш йил олдинги кўрсатгичдан 60 миллионга кўпроқдир. Бундан ташқари, 2019 йилда «озиқ-овқатнинг ўртача ёки қаттиқ етишмовчилиги» қурбонлари сони тахминан 2 миллиард кишини ташкил этди.

«COVID-19 пандемиясининг соғлиққа, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга таъсири озиқ-овқат хавфсизлигининг янада пасайишига ва энг заиф гуруҳларнинг овқатланиш ҳолатининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин», - дея огоҳлантиради БМТ.

Агар ҳозирги тенденция давом этаверса, 2030 йилга келиб дунёдаги оч одамлар сони 840 миллионга етиши мумкин.

Бундай ҳолда, айниқса болалар азобланади. Ҳисобот муаллифларининг сўзларига кўра, озиқ-овқат етишмовчилиги туфайли 2019 йили дунёда 5 ёшгача бўлган ҳар беш боланинг биттасида (21 фоиз) ривожланиш нуқсонлари кузатилган. Ушбу ёшдаги болаларнинг тахминан 7%и очликдан жиддий азоб чекмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очлик азобини тортаётган одамларнинг аксарияти Осиёда - 381 миллион киши. Шунингдек, Африкада - 250 миллион, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида - 48 миллион одам тўйиб овқат ейиш нималигини билмай келмоқда.

Сўнгги хабарлар