Озиқ-овқат танқислигидан 295 миллион киши зарар кўрмоқда – БМТ
ASTANA. Kazinform – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2025 йилдаги глобал озиқ-овқат инқирози бўйича ҳисоботига кўра, 2024 йилда дунёда ўткир озиқ-овқат танқислигини бошдан кечираётганлар сони рекорд даражага етди. Бу ҳолат кетма-кет олтинчи йил давомида ёмонлашиб бораётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, дея хабар беради Reuters.
Умуман олганда, 53 мамлакатда 295 миллионга яқин одам ўткир очарчиликда яшамоқда, бу 2023 йилга нисбатан 5 фоизга кўп. Очликнинг асосий сабаблари уруш, иқлим ўзгариши ва иқтисодий қийинчиликлардир.
Можаролар 140 миллионга яқин одамнинг ҳаётига таъсир қилган, Судан ва Ғазо секторида очарчилик расман тасдиқланган. Бундан ташқари, Жанубий Судан, Гаити ва Малида очлик даражаси ошган.
Иқлим омиллари, жумладан, Эль-Ниньо феномени 96 миллион одамга таъсир кўрсатиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига катта зарба берди.
Иқтисодий инқирозлар, инфляция ва валюта девальвацияси 59,4 миллион кишини озиқ-овқат таъминотидан маҳрум қилди.
2024 йилда очарчиликка дучор бўлганлар сони 1,9 миллионга етди, бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп.
Шу билан бирга, 5 ёшгача бўлган 38 миллион бола озиқ-овқатга муҳтож.
2025 йилда вазият янада ёмонлашиши мумкин, чунки инсонпарварлик ёрдами, жумладан, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг ёрдами сезиларли даражада камайди.
Бироқ 15 та давлатда ёрдам ва кўмак туфайли вазият яхшиланмоқда.
БМТ ҳисоботида очликка қарши курашда маҳаллий қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унга сармоя киритиш муҳимлиги таъкидланган.
Бунгача БМТ Нигерияда 600 000 дан ортиқ бола очликдан ўлиши мумкинлиги маълум қилган эди.