Осиё ўйинларида: Қозоғистон терма жамоаси медаллар жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди
HARBIN. Kazinform – Хитойнинг Харбин шаҳрида ўтказилаётган IX қишки Осиё ўйинларида биринчи кун баҳслари якунланди.
Куни кеча спортнинг 8 тури бўйича мусобақалар ўтказилиб, 17 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борилди. Қозоғистонлик спортчилар шорт-трек, хоккей, тоғ чанғиси, чанғи учиш ва конькида учиш бўйича баҳслашди.
Қозоғистонлик шорт-трекчилар Денис Никиша, Адил Ғалиаҳметов, Яна Хан ва Малика Ермек 2000 метрлик аралаш жамоавий эстафетада иккинчи ўринни эгаллади ва ўз мамлакатига илк медалини келтирди.
100 метрга конькида учиш баҳсларида Евгений Кошкин 9,47 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.
Шунингдек, қозоғистонлик чанғичи Константин Борцов чанғи югуриш бўйича эркаклар ўртасидаги спринт баҳсларида кумуш медални қўлга киритди.
Хоккей бўйича Қозоғистон терма жамоаси А гуруҳидаги учинчи учрашувда Осиё қитъасидаги асосий рақиби Японияни 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа Қозоғистон делегацияси қишки Осиё ўйинларининг биринчи кунидаёқ 3 та кумуш медални қўлга киритиб, медаллар жадвалида тўртинчи ўринни эгаллади. Хитой терма жамоаси 8 та олтин, 8 та кумуш ва 5 та бронза медали билан пешқадамлик қилди. Корея ҳисобида 7 та олтин, 5 та кумуш ва 7 та бронза бор. Япония терма жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медали билан кучли учликни якунлаб берди.
Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни Хитойнинг Харбин шаҳрида IX қишки Осиё ўйинлари расман очилди.