Осиё ўйинлари-2026: Қозоғистон терма жамоаси медаллар жамғармасини тўртта соврин билан тўлдирди

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонлик спортчилар куни кеча спортнинг 17 тури бўйича баҳсларда иштирок этиб, мамлакат жамғармасига икки олтин ва икки бронза медалини қўшди.

Коллаж: Kazinform/olympic.kz/instagram/kaz_karateofficial/magnific.com/Canva

Дастлаб каратэнинг кумите дастурида -55 кг вазн тоифасида Белла Самашева бронза медалини қўлга киритди.

Фото: Спортты дамыту дерекциясы

Пляж волейболида Қозоғистон миллий терма жамоаси вакиллари Сергей Богату ва Кирилл Гурин гуруҳ босқичидаги навбатдаги учрашувда ғалаба қозонди.

Фото: Спортты дамыту дерекциясы

Шунингдек, баскетбол бўйича Қозоғистон аёллар терма жамоаси гуруҳ босқичидаги илк учрашувида Гонконг терма жамоасини 80:77 ҳисобида мағлуб этди.

Фото: Нургали Жумагазы / НОК

Еркинғали Буркиталин эркаклар ўртасида 77 кг вазн тоифасида аралаш яккакурашнинг анъанавий услуби бўйича мусобақада иштирок этиб, финалда Баҳрайн спортчиси Муҳаммад Набиевни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Фото: Kazinform

Таъкидлаш жоизки, бу Қозоғистон терма жамоасининг мазкур Осиё ўйинларидаги бешинчи олтин медали бўлди.

Қозоғистон аёллар терма жамоаси сув полоси бўйича учинчи учрашувида Таиланд терма жамоасини 14:13 ҳисобида мағлуб этди. Бунга қадар миллий терма жамоа Сингапурни 12:7 ҳисобида мағлуб этган, Японияга эса 10:25 ҳисобида имкониятни бой берган эди.

Фото: ҰОК

Энди юртдошларимиз 23 сентябрда Хитой, 24 сентябрда эса Ўзбекистон терма жамоаларига қарши маҳоратларини синаб кўради.

Қадирбек Шинбоев аралаш яккакураш бўйича эркаклар ўртасида 71 кг вазн тоифасида замонавий услубда финалда Тожикистон вакили Хуршедзода Беҳрузни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, мамлакатга олтинчи олтин медални келтирди.

Фото: Нұрғали Жұмағазы

Каратэнинг кумите дастурида -75 кг вазн тоифасида мамлакат шарафини жаҳон чемпионати совриндори, уч карра Осиё чемпиони Нурқанат Ажиқанов ҳимоя қилди. У чорак финалда эронлик Мортеза Нематига ютқазди. Бронза медали учун кечган баҳсда эса юртдошимиз филиппинлик Батикан Алвинни 10:1 ҳисобида мағлуб этди.

Учинчи мусобақа куни якунларига кўра, 34 мамлакат спортчилари медалларга эга бўлди. Хитой терма жамоаси 32 та олтин, 13 та кумуш ва 8 та бронза медали билан пешқадамлик қилмоқда. Япония (11 та олтин, 16 та кумуш, 19 та бронза) ва Жанубий Корея (6 та олтин, 4 та кумуш, 17 та бронза) кучли учликдан жой олган.

Қозоғистон терма жамоаси айни пайтда 6 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза медали билан умумий ҳисобда тўртинчи ўринда бормоқда.