Ҳукумат матбуот хизмати маълумотларига кўра, «Хунань Цзюньсинь Хуаньбао» Хитойнинг яшил технологиялар бўйича етакчиларидан бири ҳисобланади. Учрашувда чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бош вазир Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев экологик модернизация ва барқарор ривожланиш муҳимлигига катта эътибор бераётганини таъкидлади.
Қозоғистон “яшил” трансформацияни давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири деб билади. Бугунги кунда мамлакатда Waste to Energy механизми бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий база яратилган. Ҳукумат бу соҳада халқаро технология компаниялари билан ҳамкорлик қилишга очиқ.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар ва шериклик муносабатларини кенгайтириш имкониятларини қайд этдилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон яшил энергетка бўйича қўшма корхона ташкил этиши ҳақида хабар берган эдик.