Миллий ассамблеянинг навбатдаги сессиясида “Арманистон Республикасининг 2024 йилги давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида Арманистон бош вазири Никол Пашинян нега тинчлик битимини имзоламаётганини тушунтирди.
“Агар Озарбайжон билан тинчлик тамойиллари келишилган бўлса, қандай муаммо бўлиши мумкин? Нега олдинга интилмаяпмиз, нега тинчлик шартномасини имзоламаймиз? Умуман олганда, асосий сабаб томонлар ўртасида ишонч йўқлиги. Чунки биз ҳардоим Озарбайжоннинг ёки Озарбайжон бизнинг баёнотларимизда ва айрим ҳаракатларимизда келишувлардан воз кечиш ва агрессив ҳаракатларни режалаштириш ниятини кўрамиз. Бу тинчлик шартномаси матни билан ишлашга салбий таъсир қилади”, – деди Никол Пашинян.
Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда томонлар яна бир қанча муҳим масалаларга ойдинлик киритишлари керак. Биринчиси, тинчлик шартномасининг мазмуни билан боғлиқ мумкин бўлган нотўғри талқинларни бартараф этиш механизмини шакллантириш. Иккинчиси - хавфсизлик кафолати.
Арманистон бош вазирининг сўзларига кўра, ҳукумат ва шахсан унинг ўзи ушбу муаммоларни бартараф этишга қаратилган дипломатик ва сиёсий ишларни фаоллаштириш ниятида.