Нигерияда жангарилар ҳужумидан 15 фермер ҳалок бўлди

Фото: Фото: Anadolu

ASTANA. Kazinform – Нигериянинг шимолий-ғарбида жойлашган Кебби штатида қуролланган жанжгарилар томонидан фермерларга қилинган ҳужум натижасида 15 киши ҳалок бўлди, яна уч киши яраланди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди, деб ёзади Anadolu.

Ҳодиса Данко-Васагу туманида содир бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, фермерлар далаларга кетаётган пайтда Lakurawa номли гуруҳнинг ҳужумига учраган.

Кебби штати губернаторининг ўринбосари Умар Тафида воқеа жойига бориб, ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди. У ҳукумат қишлоқ хўжалиги ерларининг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришини ва фермерларга фаолиятини давом эттириш имкониятини яратишини айтди.

Lakurawa гуруҳи жорий йилнинг январь ойида расман террористик ташкилот деб эълон қилинган эди. Нигерияда «Боко Харам» ва ISWAP каби қуролли гуруҳлар ва террористик ташкилотларнинг ҳужумлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Қайд этиш жоиз, бундан олдин Нигериянинг шарқида жойлашган Бенуэ штатида бир қатор қуролли ҳужумлар натижасида 23 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

БМТ маълумотига кўра, Нигерияда 600 мингдан ортиқ бола очликдан ҳалок бўлиши мумкин.