МО давлатлари ва Хитой ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома матни эълон қилинди

Фото: Фото: Солтан Жексенбеков/Kazinform

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2025 йил 17 июндаги Фармони билан мазкур Шартномани маъқуллади.

ШАРТНОМА

Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида абадий яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида

(Астана, 2025 йил 17 июнь)

Лойиҳа Қозоғистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 июндаги 915-сонли Фармони билан маъқулланган.

Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси (кейинги ўринларда “Томонлар” деб юритилади),

  • яқин қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш Томонлар халқларининг асосий манфаатларига тўлиқ мос келишини инобатга олган ҳолда,
  • минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш, ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш барча мамлакатлар халқларининг умумий интилишлари ва манфаатларига мос келиши, шунингдек, Осиё ва бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб,
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми мақсадлари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрларига содиқ эканликларини тасдиқлаб,
  • ҳар бир Томон қонунчилиги нормаларига таяниб,
  • мустақиллик, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлик, давлатлар тенглиги ва чегараларни бузмаслик тамойилларига қатъий содиқ эканини яна бир бор тасдиқлаб,
  • ўзаро муносабатларни барқарор ривожлантириш ва давлатлар ўртасида ҳамкорлик даражасини турли соҳаларда оширишга интилган ҳолда,
  • ўз халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва уни авлоддан авлодга етказиш,
  • Марказий Осиё ва Хитойнинг ягона тақдирли яқин жамиятини шакллантиришга интилишларини тасдиқлаб,

қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:

1-модда

Томонлар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрлари асосида суверенитет ва ҳудудий яхлитликка ўзаро ҳурмат, ўзаро тажовуз қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, тенглик, ўзаро манфаат ва тинч ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланган, узоқ муддатли ва барқарор стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантиради.

Томонлар ўзаро зўравонлик қўлламаслик ёки зўравонлик билан таҳдид қилмаслик ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларини тасдиқлайдилар.

2-модда

Томонлар ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлайди, миллий хусусиятларига мос ривожланиш йўли ва моделини танлашда бир-бирини қўллаб-қувватлайди, асосий манфаатларига дахлдор масалаларда позицияларни қўллаб-қувватлайди ва иқтисодий ривожланиш стратегияларини амалга оширишда ҳамкорликни таъминлайди.

3-модда

Томонлар давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига ҳурмат асосида ўз ҳудудларида ушбу тамойилларга зид ҳар қандай фаолиятга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрадилар.

Томонлар бир-бирига қарши йўналтирилган ҳарбий иттифоқлар ёки блокларда иштирок этмайдилар ва бошқа Томонларга қарши йўналтирилган ҳаракатларни қўллаб-қувватламайдилар.

4-модда

Томонлар сиёсий маслаҳатлашувларни юқори даражада ташкил этишга катта аҳамият қаратадилар. Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан доимий алмашинув ва позициялар мувофиқлашуви учун барча даражалардаги учрашув механизмларидан, жумладан, олий ва юқори даражадаги ташрифлардан фойдаланадилар.

5-модда

Томонлар тенглик ва ўзаро манфаат тамойиллари асосида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, инфратузилма боғлиқлиги, муҳандислик, энергетика (шу жумладан, гидроэнергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари), транспорт, фойдали қазилмалар, қишлоқ хўжалиги, экологик муҳитни муҳофаза қилиш, қайта ишлаш саноати, фан ва техника каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини маълум қиладилар.

6-модда

Томонлар маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизматлар, туризм, спорт, оммавий ахборот воситалари ҳамда ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича зарур чораларни кўрадилар.

7-модда

Томонлар ўз қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ икки томонлама ва кўп томонлама форматларда терроризм, сепаратизм, экстремизм ҳамда трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция, қурол ва гиёҳванд моддалар, психотроп моддалар ҳамда уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантирадилар.

8-модда

Томонлар ўз қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ мудофаа, мудофаа саноати ва хавфсизлик соҳаларида ўзаро ишончни мустаҳкамлайдилар ҳамда мазкур соҳалардаги бошқа масалалар юзасидан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтирадилар.

9-модда

Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва улар аъзо бўлган бошқа кўп томонлама ташкилотлар ва механизмлар доирасида алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар, глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун саъй-ҳаракат қиладилар.

10-модда

Ушбу Шартномани талқин қилиш ва амалга ошириш давомида келиб чиқиши мумкин бўлган баҳс ва келишмовчиликлар Томонлар томонидан дўстона музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.

11-модда

Ушбу Шартнома Томонлар иштирок этаётган бошқа икки томонлама ёки кўп томонлама халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмайди ҳамда учинчи давлатларга қарши йўналтирилмаган.

12-модда

Ушбу Шартнома қоидаларини амалга ошириш мақсадида Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ соҳалари бўйича зарурат туғилганда алоҳида халқаро шартномаларни тузадилар.

13-модда

Томонлар ўзаро келишувга биноан ушбу Шартнома матнига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин. Бундай ўзгартириш ва қўшимчалар алоҳида баённомалар орқали расмийлаштирилади ва Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.

14-модда

Ушбу Шартноманинг депозитарияси Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидир.

Депозитарий ушбу Шартноманинг тасдиқланган нусхасини имзолаган барча Томонларга уни имзолаш санасидан бошлаб 15 (ўн беш) кун ичида юбориши лозим.

15-модда

Ушбу Шартнома номўайян муддатга тузилади ва Шартноманинг кучга кириши учун Томонлар томонидан тегишли ички давлат тартиб-таомиллари бажарилгани ҳақидаги ёзма дипломатик хабарнома депозитарий томонидан олинган санада кучга киради.

Депозитарий Шартноманинг кучга кирган санаси тўғрисида Томонларни хабардор қилади.

Ҳар бир Томон ушбу Шартномадан чиқиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳақда дипломатик каналлар орқали ёзма равишда Депозитарийни хабардор қилади.

Бундай хабарнома Депозитарий томонидан олинганидан сўнг 12 (ўн икки) ой ўтиши билан ушбу Томон учун Шартноманинг амалиёти тугайди.

Депозитарий бу ҳақда қолган Томонларни хабардор қилади.

Депозитарий ушбу Шартнома мазкур Томон учун тўхтатилгани ҳақида бошқа Томонларга маълум қилади.

Ушбу Шартнома 2025 йил 17 июнда Астана шаҳрида рус ва хитой тилларида бир нусхада имзоланган бўлиб, ҳар икки матн тенг юридик кучга эга.

 

Қозоғистон Республикаси номидан                                              Қ. Тоқаев

Хитой Халқ Республикаси номидан                                              Си Цзиньпин

Қирғиз Республикаси номидан                                                      С. Жапаров

Тожикистон Республикаси номидан                                             Э. Раҳмон

Туркманистон номидан                                                                   С. Бердимуҳаммедов

Ўзбекистон Республикаси номидан                                              Ш. Мирзиёев