Мажилис депутати Чимкент шаҳридаги ижтимоий-маданий объектларда бўлди
ASTANА. Кazinform — ҚР Мажилиси депутати Қазибек Исанинг Жанубий ҳудудга хизмат сафари давом этмоқда. У Чимкент шаҳридаги маданий-маиший объектларда бўлиб, аҳоли билан учрашди.
Дастлаб Қазибек Иса Чимкентдаги кутубхонага бориб, меҳнат жамоаси билан учрашди. Кутубхона ходимлари депутатга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавоблар олдилар. У кутубхоначиларнинг ойлик маошини ошириш, уларнинг таътилларини 45 кунга узайтириш фикрини билдирди. Мажилис депутати ушбу масалалар юзасидан ёзма ариза ёзиши кераклигини айтиб, тегишли давлат органларига депутатлик сўрови юборишини айтди.
Мажлис депутати “Асар” кичик туманида жойлашган 90-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-гимназияси ўқитувчилари ва мазкур таълим масканида очилган “КАДEТ” синфи ўқувчилари билан учрашди. Лойиҳага кўра, ўқувчиларга ҳуқуқий тарбия ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси йўлга қўйилади. Курсантлар синфи ўқувчилари дарсдан ташқари сафда юриш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш, спорт билан шуғулланишни ўрганадилар.
– Республикада илк бор “Кадет” синфи очилди. Жуда яхши ташаббус. Мен бу мактабга ўзимнинг истагим билан келганман. Аҳоли билан учрашувда тилга олинган барча масалалар миллий мафкура билан боғлиқ. Маданият соҳаси вакилларининг маоши, пенсияси, ер масаласи кўтарилмоқда. Умуман олганда, Чимкентда ижобий ўзгаришлар кўп, - деди Қазибек Иса.
Шундан сўнг депутат Чимкент шаҳрининг Кўкбулоқ аҳоли пунктида жойлашган маданият маркази қурилишининг бориши билан танишди. Пудратчи корхона раҳбарияти қурилиш ишлари жорий йилнинг август ойида якунланишига ваъда берди.
Депутат Игилик қишлоғида жойлашган маданият уйида ҳам маҳаллий аҳоли билан учрашди. Қазибек Иса Мажилис минбарида кўтарилган масалалар ҳақида кенг гапирди. Аҳоли 82-мактаб биноси эски экани, болалар 3 сменада ўқиётгани бўйича масала кўтарди. Бундан ташқари, Қизилжар аҳоли пункти кўчаларига асфальт ётқизиш, пиёдалар учун йўлаклар қуриш, дайди итлар, Бодом дарёсидан сув чиқариш, кўп қаватли уйларнинг фасадини таъмирлаш ҳақида сўз борди. Қазибек Иса ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича аҳолига тушунтириш ишлари олиб боришини ва назорат қилишини айтди.