Майк Тайсон, Эвандер Холифилд, Амир Хон ва Костя Цзю Тошкентга келади

Фото: Фото: UzA

Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси Умид Якубовнинг билдиришича, Эвандер Холифилд, Амир Иқбол Хон, Костя Цзю каби таниқли боксчилар Тошкентга келади, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Жорий йилнинг 12-17 ноябрь кунлари WBC ташкилотининг йиллик конвенция йиғилиши Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтади.

Айни кунларда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан Марказий Осиё минтақасида илк бор ташкил этилаётган ушбу тарихий анжуманга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Профессионал бокс дунёсининг энг машҳур юлдузлари иштирок этадиган ушбу анжуманда ўз даврида чемпионлик мартабасига эришган ўнлаб чемпионлар қатори афсонавий Майк Тайсон ҳам куни кеча Тошкентга келишини расман тасдиқлади.

“WBC ташкилотининг 61-конвенцияси доирасида 17 ноябрь куни Тошкентдаги "Ҳумо Арена" спорт саройида бир қатор номдор чарм қўлқоп усталари иштирокида бокс жанглари ҳам ташкил этилади”, - дейилади хабарда.