Манғистауда тадбиркорлик субъектларининг 47 фоизини аёллар бошқаради
Манғистаудаги тадбиркорлик субъектларининг 47 фоизини аёллар бошқаради. Бу ҳақда Ақтауда бўлиб ўтган “Asmar – бирлик анъаналари” халқаро тадбиркор аёллар конгрессида маълум қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Халқаро конгрессда Қирғизистон, Германия, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг барча вилоятларидан 370 дан ортиқ киши иштирок этди.
“Манғистау вилоятида 70 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинган. Уларнинг 47 фоизига қизлар ва аёллар раҳбарлик қилади. Бу катта аҳамиятга эга ва жами ҳудудий даромадларнинг улуши кичик ва ўрта бизнес, жумладан, аёллар томонидан бошқариладиган тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Бу катта аҳамиятга эга. Булар давлат томонидан кўрсатилаётган кўмак асосида амалга оширилаётган ишлар. Бу борада Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар асосида зарур чора-тадбирлар амалга ошириб бориляпти. Биз маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари сифатида бу ишларни давом эттирамиз, - деди Манғистау вилояти ҳокими Нурлан Ноғаев.
Сессиянинг биринчи қисмида “Халқаро аёллар муносабатлари янги имкониятларга йўл очади” мавзуси муҳокама қилинди. Бу ерда Қирғизистон, Озарбайжон, Германия халқаро ташкилотлари вакиллари ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Тадбир ташкилотчилари бундай ташаббус қизлар учун жуда муҳим эканини таъкидлади.
“Биринчи мақсад – кичик бизнесда меҳнат қилаётган аёлларни ўрта ва йирик бизнесга етказдириш. Янги воситаларни ишга тушириш. Жумладан, молиявий ёрдам”, - деди "Аsmar" Қозоғистон тадбиркор аёллар миллий уюшмаси раиси Лаззат Рамазонова.
Шунингдек, конгрессда иккита миллий лойиҳа – "ALTYN OIMAQ" ва “Бир овул – бир маҳсулот” маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Вилоятдаги енгил саноат ва овуллардаги кичик бизнес вакиллари Қозоғистондан ташқарига ҳам экспорт қилаётган маҳсулотларини намойиш этди.
Конгресс доирасида "Аsmar" Қозоғистон тадбиркор аёллар уюшмаси, Миллий иқтисодиёт вазирлиги ва Манғистау вилояти ҳокимлиги ҳамда Қозоғистон енгил саноат уюшмалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, қозоғистонлик аёллар 1 миллиондан ортиқ киши иш билан таъминланган барча кичик бизнес корхоналарининг 44 фоиздан ортиғини бошқаради. Биргина Манғистау вилоятида хотин-қизлар хизмат кўрсатишдан тортиб, қишлоқ хўжалигигача бўлган турли соҳалардаги корхоналарга раҳбарлик қилмоқда.