Мактабларда буллингни камайтирган «ДосболLIKE» дастури энди Қозоғистон бўйича жорий этилади

Фото: Фото: ҚР Таълим-маориф вазирлиги

ASTANА. Кazinform — Мактабда буллингнинг олдини олиш ва камайтиришга қаратилган маҳаллий «ДосболLIKE» дастурини синовдан ўтказиш республиканинг 9 та ҳудудида муваффақиятли якунланди, деб хабар беради ҚР Таълим-маориф вазирлиги.

Мактабларда буллингнинг олдини олиш ва камайтиришга қаратилган маҳаллий «ДосболLIKE» дастурининг апробацияси мамлакатнинг 9 вилоятида муваффақиятли якунланди. Дастурда бутун мамлакат бўйлаб 50 та мактабдан 70 000 га яқин ўқувчилар ва 5 500 дан ортиқ ўқитувчилар иштирок этди.

Дастурни амалга ошириш бир неча босқичлардан иборат бўлди: мавжуд вазиятни диагностика қилиш, мактаб ичидаги буллингнинг олдини олиш тизимини яратиш, ўқитувчиларни ўқитиш, ота-оналарни жалб қилиш. Диагностика натижаларига кўра, ҳар бир мактаб барча иштирокчилар - ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирокида буллингга жавоб беришнинг ўзига хос моделини ишлаб чиқди.

Апробациядан сўнг ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида ўтказилган сўровлар мактаб муҳитида сезиларли ижобий ўзгаришларни кўрсатди. Хусусан, 2025 йилда буллинг билан шуғулланган тажовузкорлар (буллерлар) улуши 2024 йилга нисбатан 1,5 фоизга камайди. Бундан ташқари, ўзини жабрланувчидек ҳис қиладиган ўқувчилар(виктимлар) сони 5,4 фоизга камайди.

— Апробация давомида тизимли ёндашув ва барча томонлар – ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналарнинг фаол иштироки самарадорлиги ўз исботини топди. Биз нафақат можаролар сонининг камайиб бораётганини, балки мактаб жамоасида ишонч ва қўллаб-қувватлашнинг ортиб бораётганини ҳам кўрмоқдамиз. Бу хавфсиз ва қулай муҳит яратишнинг асосий шартидир, — дейди Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Насимжан Оспанова.

Таъкидлаш жоизки, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб мамлакатдаги барча мактаб ва коллежларда буллингга қарши «ДосболLIKE» дастури жорий этилади.Ҳозирги кунда уни кенг кўламда амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда СИ соҳасида 25 та таълим дастури ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.