Мактаб ҳовлисида расадхона қуриш: Қозоғистонда 11-синф ўқувчисидан янги ташаббус
ASTANА. Кazinform — 11-синф ўқувчиси мамлакатда биринчи марта мактаб ҳовлисида астрономик расадхона қуришни таклиф қилди. Ушбу лойиҳанинг ўзига хослиги нимада? Бу ғоя қандай пайдо бўлди? Jibek Joly телеканалининг «Бүгін LIVE» студияси меҳмони Даниал Бошан жавоб берди.
— Астрономияга қизиқишим жуда ноодатий ҳолатда бошланган. 7-синфдан бошлаб физика фанига жуда қизиқиб, турли олимпиада ва танловларда қатнашганман. Бу қизиқиш мени аста-секин астрономия соҳасига етаклади. Илгари бу соҳа менга ёт ва тушунарсиз туюларди, чунки мен уни физиканинг сўнгги боби сифатида қабул қилиб, унчалик аҳамият бермасдим, — дейди 11-синф ўқувчиси.
Бўлажак олимнинг ушбу фанга муносабати мактабга келган янги ўқитувчи туфайли тубдан ўзгарди.
— Вақт ўтиши билан устозим ўқувчиларнинг астроноия бўйича республика турнирида қатнашишимни таклиф қилди. Бу таклифдан кейин мактабнинг билимли ўқувчиларини тўплаб, кучли жамоа туздик ва якунда 2-ўринни қўлга киритдик. Бироқ тайёргарлик жараёнида бир қанча қийинчиликларга дуч келдик. Аввало, топшириқ шартларига кўра, математик масалалар билан бирга астрономик тасвирларни ҳам рўйхатдан ўтказишимиз керак эди. Муаммоларни муваффақиятли ҳал қилган бўлсак-да, керакли суратларни ололмадик. Бунинг сабаби, бизга телескоп ва юқори сифатли астрокамера керак эди. Шу масала устида чуқур ўйлаб, устозимга расадхона ташкил этиш ғоясини таклиф қилдим, – дейди у.
Даниал Бошаннинг ўқитувчиси бу фикрни эшитиши биланоқ, шогирдини қўллаб-қувватлади.
— Бу — бир кунда айтилиб, амалга ошадиган лойиҳа эмас. Танловда қатнашганимизда ташкилотчилар биздан қуёш чиқиши ва ботишини суратга олишни сўрашди. Қишлоқда бу мумкин бўлса-да, шаҳарда яшовчи биз учун бундай лаҳзаларни суратга олиш қийин эди. Мен эрталаб соат 4 да қуёш чиқишини кўриш учун югураман ва суратга оламан. Биз қуёш ботишини суратга олмоқчи бўлганимизда, бинолар ва уйлар тўсқинлик қилди. Кейин дўстларим билан боғланиб, “Сизлар томонда қуёшнинг ботиши кўринадими?” деб сўрадим. Ўшанда биз: “Қанийди, бизда телескоп бўлса, уни шу орқали томоша қилсак”, деб ўйладик. Аввалига биз бу ҳақда гаплашдик. Шунда ўқувчим “Шундай расадхона қурсак нима бўлади?”, деб аниқ таклиф қилди. Аввало, биз бу ғояни мактаб маъмуриятига етказдик. Раҳбаримиз дарров қўллаб-қувватлади, — дейди Алтингул Танғалиева.
Студияда меҳмон бўлган ёш тадқиқотчи йиғилганларга ўз лойиҳасини тақдим этди.
— Таклиф этилаётган астрономик расадхона тахминан 30-40 квадрат метр майдонни эгаллайди. Унинг энг муҳим қисми гумбаздир. Гумбаз алюминий ёки шиша толали бўлиб, автоматик равишда очилади ва ёпилади. Ичкарида кучли телескоп ва замонавий технологиялар ўрнатилади. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади ўқувчилар ва кенг жамоатчилик орасида астрономия фанига қизиқишни оширишдан иборат. Мен бу жараённи YouTube платформаси орқали оммага жонли равишда намойиш қилмоқчиман. Менинг орзуим — фойдали инсон бўлиш. Агар орзу фойдали бўлса, у албатта амалга ошишига ишонаман, - дейди у.
Катта ҳажмдаги лойиҳа катта маблағ талаб қилади. Эндиликда ғоя муаллифлари сармоядорлар излаётганини айтишди.
— Бизга қарийб 75-90 миллион тенге маблағ керак. Ҳозирда биз ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун инвесторларни қидирмоқдамиз, — деди Даниал Бошан.
11-синф ўқувчиси астрономия алоҳида фан сифатида ўқитилишини хоҳлайди.
— Келажакда Алматидаги расадхонада ишламоқчиман, NASA даражасида глобал тадқиқотлар билан шуғулланаман. Мақсадим юртимизда астрономия фанини ривожлантириш ва мактабларда “Астрономия” фанини алоҳида, мустақил фан сифатида жорий этиш, — дея хулоса қилди ёш олим.
Эслатиб ўтамиз, қозоғистонлик мактаб ўқувчилари нуфузли халқаро олимпиадада 4 та медалга эга бўлди.