ҚР Президенти Ватикан раҳбариятини Жаҳон диний етакчиларининг навбатдаги съездига таклиф қилди
VATIKAN. КАZINFORM — Президент Муқаддас Тахтнинг давлатлар билан алоқалар бўйича Котиби Пол Ричард Галлахерни қабул қилди.
Муқаддас Тахт Котиби билан учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев Рим Папаси Франциск билан жуда мазмунли ва самарали учрашув ўтказганини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ватиканнинг изчил қўллаб-қувватлаши туфайли Қозоғистонда ўтказилаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съездлари диний жамоалар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурматни мустаҳкамлашнинг муҳим минбарига айланди.
Президент Католик черкови раҳбарининг мамлакатга тарихий ташрифи тинчликни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатликка даъват этиш нуқтаи назаридан рамзий маънога эга эканини эслатиб, бу ташриф нафақат Қозоғистондаги католик жамоатчилиги, балки минтақадаги бошқа динларнинг вакиллари томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Давлат раҳбари мамлакатда таълим, соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларида Муқаддас Тахт билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Қасим-Жомарт Тоқаев архиепископ Пол Галлахерга қозоғистонлик олимларга Ватикан кутубхонаси ва Апостол архивидаги тарихий материалларни бепул ўрганиш имконини бергани учун миннатдорчилик билдирди.
Президент, шунингдек, Она ва бола миллий тадқиқот маркази ва Ватиканнинг Bambino Gesu педиатрия шифохонаси ҳамкорлигини маъқуллади.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон тинчлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш мақсадида миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка содиқ эканини яна бир бор тасдиқлади.
Учрашув якунида Президент Муқаддас Тахт раҳбариятини Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг навбатдаги съездида иштирок этишга таклиф қилди.