ҚР Президенти ва Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодаси Қозоғистон-БАА бизнес-форумида иштирок этди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон-БАА бизнес-форумининг ёпилиш маросимида ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён иштирок этди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини қамраб олувчи қарийб 5 миллиард долларлик тижорат шартномалари имзоланди.
БАА Қозоғистонга 4,3 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди ва мамлакатнинг Форс кўрфази минтақасидаги етакчи савдо ва сармоявий шериги ҳисобланади.
“Биз иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, энергетика, логистика, молия, ақлли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун салмоқли салоҳиятни кўрмоқдамиз. Ҳамкорлигимиз динамикасини Masdar, Presight, Abu Dhabi Ports Group, Terminal Holdings ва Abu Dhabi Commercial Bank билан бир қатор муҳим лойиҳалар тасдиқлайди. Ушбу ва бошқа қўшма ташаббуслар икки томонлама муносабатларимиз чуқурлиги, самарадорлиги ва изчил ривожланиб бораётганини акс эттиради”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Бизнес-форум доирасида рақамли технологияларни ривожлантириш, молия, урбанизм ва яшил иқтисодиётдаги замонавий тенденцияларга бағишланган мавзули сессиялар ўтказилди.
Бунга параллель равишда икки давлат бизнес вакиллари ўртасида бир қатор В2В учрашувлари ўтказилди.
Форумда БАА делегацияси таркибидан Абу-Даби Иқтисодий ривожланиш департаменти, БАА Савдо-саноат палаталари, шунингдек, Masdar, AMEA Power, Abu Dhabi Ports Group ва бошқалар каби бир қатор йирик компаниялар иштирок этди.
«Қозоғистон – БАА» бизнес-форуми доирасида қуйидаги тижорат шартномалари имзоланди:
- Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда QazaqArab Sugar МЧЖ ўртасида Қозоғистонда қанд заводи қурилиши лойиҳаси бўйича инвестиция шартномаси;
- Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги, Астана шаҳар ҳокимлиги ва Presight компанияси ўртасида маълумотларни қайта ишлаш маркази қурилиши тўғрисида меморандум;
- Астана шаҳри Таълим бошқармаси ҳамда Emirates Kazakhstan Education Investment Group ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- «Астана» Халқаро молия маркази ва Abu Dhabi Global Market ўртасида маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- «ҚМГ Инжиринг» МЧЖ ва AIQ ўртасида билим алмашиш ва AIQ ечимларини ишлаб чиқиш бўйича стратегик ҳамкорлик шартномаси;
- «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси қошидаги Қозоғистон ташқи савдо палатаси ҳамда Khalifa Economic Zones Abu Dhabi ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Semurg Invest МЧЖ ва Abu Dhabi Ports Group ўртасида «Қуриқ» кўп функцияли терминалини қуриш ва ривожлантириш тамойиллари бўйича келишув;
- «Ақтау денгиз порти» Махсус иқтисодий зонаси АЖ ҳамда Khalifa Economic Zones Abu Dhabi ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- «Alel Agro» АЖ ва LULU Group ўртасида аграр озиқ-овқат маҳсулотларини савдоси ва харидини илгари суриш соҳасида ўзаро тушуниш меморандуми.