ҚР Президенти тиббиёт тарихидаги илк операция учун жарроҳларга миннатдорчилик билдирди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев А.Н.Сизғанов номидаги Миллий жарроҳлик илмий марказига табрик йўллади. Бу ҳақда Ақорда маълум қилди.

Яқинда А.Н.Сизғанов номидаги Миллий хирургия илмий марказида Қозоғистон тиббиёти тарихида илк бор мураккаб операция муваффақиятли амалга оширилиб, учта донорнинг учта буйраги бир вақтнинг ўзида трансплантация усули бўйича учта беморга кўчириб ўтказилди. Президент таниқли жарроҳ, профессор Болатбек Баймаханов раҳбарлигида амалга оширилган операцияни мамлакат тиббиётининг улкан ютуғи, деб баҳолади ва марказ ходимларига миннатдорлик мактуби йўллади.

«Давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда кўплаб фундаментал ташаббуслар кўтарилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида миллий тиббиёт жадал ривожланмоқда. Сиз амалга оширган ноёб операция бунинг яққол исботидир. Мамлакатимиз бугунги кунда ўта мураккаб трансплантация операцияларини амалга оширувчи дунёнинг олтита давлати қаторига киради. Биз бу муваффақиятга юртимиз мутахассисларининг, жумладан, сизларнинг машаққатли меҳнатингиз ва бетакрор билимингиз ҳамда беқиёс тажрибангиз туфайли эришдик. Барчангизга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Умид қиламанки, сизлар бундан кейин ҳам миллат саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимиз учун сидқидилдан хизмат қилиш йўлида тинимсиз меҳнат қиласизлар”, – дейилади ташаккурномада.