ҚР Президенти Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасига табрик телеграммаси йўллади

Фото: Фото: akorda.kz

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Саудни ва бутун Саудия халқини Ар-Риёдда «EXPO-2030» халқаро кўргазмасини ўтказиш бўйича сайловдаги аниқ ғалабаси билан табриклади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

“Мамлакатингизнинг муҳим тадбир мезбони сифатида танланиши Қиролликнинг жаҳон миқёсидаги мавқеини, шунингдек, саудияликларнинг машаққатли меҳнати ва давлат раҳбариятининг ғайратли қатъиятини яна бир бор исботлайди. Қозоғистоннинг Форс кўрфази минтақасидаги асосий шерикларидан бири бўлган Саудия Арабистони билан яқин ҳамкорлигимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини катта миннатдорлик билан қайд этаман. Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли халқларимиз фаровонлиги йўлида юксак салоҳиятли муносабатларимизни янада ривожлантирамиз”, – дейилади телеграммада.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга муваффақият, қардош Саудия халқига барака тилади.