ҚР Президенти Rio Tinto компанияси бош ижрочи директорини қабул қилди

Фото: Фото: Ақорда матбуот хизмати

Давлат раҳбари Rio Tinto компаниясининг бош ижрочи директори Якоб Штаусхольмни қабул қилди, деб хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Учрашувда геология-қидирув, кончилик ва металлургия саноатида қўшма инвеститсия лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга Rio Tinto компаниясининг Қозоғистондаги фаолияти кўламини кенгайтириш режаси ҳақида маълумот берилди.

Якоб Штаусхольм Қостанай ва Қарағанди вилоятларидаги мис конларини геология-қидирув лойиҳасининг бориши ҳақида маъруза қилди.

Давлат раҳбари мамлакатда юқори технологияларни ривожлантириш учун бугунги кунда талаб катта бўлган муҳим фойдали қазилмалар ва хомашёнинг мўл захиралари мавжудлигини таъкидлади. Қозоғистонда геология-қидирув ишлари кўламини кенгайтириш, янги конларни очишга кўмаклашувчи илғор жаҳон тажрибасини жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Rio Tinto йирик Англия-Австралия тоғ-металлургия компанияси бўлиб, бозор қиймати 99 миллиард долларни ташкил этади. Асосий активлар Австралия (35%), Канада (34%), Европа (13%) ва АҚШда (11%) жамланган.

Rio Tinto компанияси темир рудаси, алюминий, мис, боксит, олмос, уран ва бошқа саноат фойдали қазилмаларини ишлаб чиқаради.