ҚР Президенти Марат Қарабаевга Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича топшириқ берди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари ҚР Транспорт вазири Марат Қарабаевни қабул қилди. Қасим-Жомарт Тоқаевга вазирликнинг ўтган йилги фаолияти якунлари ва келгуси давр учун режа тўғрисидаги ҳисоботи тақдим этилди. Бу ҳақда Ақорда маълум қилди.

Марат Қарабаевнинг сўзларига кўра, ўтган йили барча турдаги транспортларда юк ташиш ҳажми 6 фоизга ошган. Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми 62 фоизга ошиб, 4,5 миллион тоннани ташкил этди. Алмати, Қизилўрда ва Чимкент аэропортларида учта янги йўловчи терминали қурилди. 12 минг километр йўл таъмирланди. Қарағанди-Алмати, Талдиқўрған-Ўскемен, Ақтўбе-Қандиағаш, Атирау-Астрахань автомобиль йўлларида модернизация ишлари якунланди.

Вазирнинг сўзларига кўра, маҳаллий авиакомпаниялар 14,7 миллион йўловчини ташиган. Бу соҳада кўрсаткич 10 фоизга ошди. Аэропортлар 29,7 миллион кишига хизмат кўрсатган, бу 14 фоизга ўсган. Темир йўл транспортида 21 миллион йўловчи ташилган, бу эса 3,9 фоизга ошган.

“Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, жорий йилда вазирлик Европа, Осиё ва Яқин Шарққа 19 та янги ҳаво йўналишини очишни режалаштирмоқда. Катонқарағай, Зайсан, Кендирли аэропортлари қурилиши бошланди. Бундан ташқари, 125 та темир йўл вокзалини модернизация қилиш ишлари олиб борилади. Бешта йирик темир йўл лойиҳаси амалга оширилмоқда: Достиқ – Мойинти, Алмати айланма темир йўли, Дарбаза – Мақтаарал, Аягўз – Бақти ва Қизилжар – Мойинти”, – дейилади хабарда.

Учрашув якунида Президент қозоғистонликлар учун қулайроқ саёҳат шароитларини яратиш, сайёҳлик объектларидан фойдаланишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари “Марказий-Ғарбий” автомобиль йўли қурилишини жадаллаштириш, “Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой” йўлагини кенгайтириш, Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш, ички ва халқаро рейслар сонини кўпайтириш, транспорт соҳасига сармоя жалб этиш ишларини фаоллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Қасим-Жомарт Тоқаев транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, шунингдек, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Аввал хабар қилинганидек, ҚР Президенти Фармони билан бир гуруҳ олимлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.