ҚР Президенти қатор давлатларнинг элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Фото: Фото: Ақорда

“Ақорда” қароргоҳида ўн тўртта давлатнинг фавқулодда ва мухтор элчиларининг ишонч ёрлиқларини ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Кazinform.

Давлат раҳбари дипломатларга Қозоғистон БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига асосланган адолатли дунё барпо этиш тартибини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

“Қозоғистон мамлакат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсат юритмоқда. Биз мамлакатларингиз билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдормиз”, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг иқтисодий тараққиёт борасида келажаги буюк эканини, мамлакат жаҳон иқтисодиётининг муҳим қисмига айланиши учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади.

Фото: Ақорда

“Мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлатдир. Лекин биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Иқтисодиётимизни янада ривожлантириш учун бор кучимизни ишга соламиз”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Маросим якунида Давлат раҳбари элчиларни Қозоғистондаги дипломатик миссиясининг расман бошлангани билан табриклаб, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида муваффақиятлар тилади. Қасим-Жомарт Тоқаев ишонч ёрлиқларини топширган элчиларга ўзининг энг эзгу тилаклари ва саломларини йўллади.

Фото: Ақорда